Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Саккиз соатлик иш куни — меҳнатни ташкил қилишнинг эскирган ва самарасиз усули. Маҳсулдорлик авжини сақлаб қолиш учун бундай иш кунини ёддан чиқариб, янгича ёндашувни топиш лозим, деб ёзади InsiderPro нашри.

Фото: InsiderPro

Фото: InsiderPro

Саккиз соатлик иш куни ҳақида XIX асрнинг иккинчи ярми, саноат инқилобидан сўнг илк марта бош қотиришган. Унинг ХХ асрнинг бошида ҳамма жойда жорий қилиниши ишчилар станокларда ўтказадиган соатлар миқдорини чеклаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имконини берган. Бироқ бу ёндашув замонавий турмуш билан ҳеч қандай умумийликка эга эмас.

Бобо-бувиларимиз каби биз ҳам кичикроқ танаффуслар билан ёки уларсиз саккиз соат ишлашга кўникиб қолганмиз. Кўпчилик ходимлар иш учун ҳатто тушликдан ҳам воз кечади!

Менҳатни ташкил қилишнинг бундай эскича усули нафақат ёрдам бермайди, балки халақит беради.

Иш кунингизни ташкиллаштиришнинг энг яхши йўли

Фото: InsiderPro

Фото: InsiderPro

Меҳнат унумдорлигини баҳолаш дастурий таъминотини ишлаб чиқувчи Латвиянинг Драугиэм Group IT-компанияси яқинда тадқиқот ўтказди. Унда, жумладан, турли компанияларнинг ходимлари турли топшириқларни бажариш учун сарфлаган вақти ўлчанди ва уларнинг маҳсулдорлиги таққосланди.

Ғаройиб ҳолат кашф қилинди: иш куни давомийлиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги аниқланди; ходимлар ўз кунини қандай ўтказиши маҳсулдорликни белгиловчи омил бўлди. Иш жараёнида танаффуслар тарафдорлари умуман дам олишсиз ишлаганлардан кўпроқ натижа кўрсатди.

Иш ва дам олишнинг идеал нисбати қуйидагича бўлди: ҳар 52 дақиқалик ишдан сўнг 17 дақиқалик ҳордиқ. Бу каби иш тартибига амал қилувчи ходимлар ўз ишига ноёб даражадаги диққат-эътиборни намойиш этди. Улар ҳар 52 дақиқада 100 фоиз ўз вазифаси билан шуғулланди. Улардан ҳеч бири бу вақт давомида ижтимоий тармоқлар ва электрон почтадаги хат-хабарларни текширмади. Чарчоқни ҳис қилганда эса (бир соатдан камроқ вақтдан сўнг) ишдан бутунлай четлашувчи қисқа танаффус қилишди. Бу кучни тиклаш ва навбатдаги иш соатига киришишга ёрдам берди.

Ҳар соатлик ишдан сўнг мияга 15 дақиқалик танаффус зарур

Иш кунини ташкил этишга бундай ёндашиш ажойиб натижа беради, чунки инсон миясининг фундаментал талабларига жавоб беради.

Чарчоқни енгиш ва ишга диққатни жамлашнинг энг яхши усули — кун тартибини ўзгартириш. Чарчоққа қарши курашиш ўрнига уни дам олиш кераклиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилинг.

Танаффуслар меҳнат унумдорлигини оширишини билган ҳолда уларни амалга ошириш ҳам осон. Биз кўпинча қувват етишмаслиги ва диққат-эътиборни бир жойга жамлай олмасликка қарамасдан, ишлашга уриниб, чарчоқнинг ғалаба қозонишига имкон берамиз. Бундан ташқари, одатда «танаффуслар»ни танаффус деб ҳам бўлмайди: электрон почтани текшириш ёки YouTube’ни кўздан кечириш оддий сайр каби қувватни тикламайди.

Ўз иш кунингиз учун жавоб беринг

Фото: InsiderPro

Фото: InsiderPro

Саккиз соатлик иш куни у стратегик оралиқларга ажратилганда самара беради. Юқори қувватнинг табиий даврлари бизнинг мақсадли ҳаракатларимиз билан мос тушса, олдимизга қўйган вазифаларни бажариш сезиларли даражада енгиллашади.

Қуйида идеал иш маромини созлашга ёрдам берувчи тўртта усул келтирилган.

Кунни соатлик интервалларга ажратинг. Одатда кишилар кун, ҳафта ёки ой охиригача нима қилиши кераклигини яхши билади. Бироқ эътиборни айнан ҳозир бажаришингиз керак бўлган ишга қарацангиз, меҳнат унумдорлиги анча ошади. Соатлик режалаштириш нафақат тўғри иш режимига ўтишга ёрдам беради, балки топшириқни кичикроқ бўлакларга ажратиб, уни енгиллаштиради. Олимлар хулосасига амал қилиб, кунни 52 дақиқалик оралиқларга ажратиш мумкин, бироқ соатлик оралиқлар ҳам яхши иш беради.

Белгиланган тартибга амал қилинг. Интервалли ёндашув куч-қувватнинг авж нуқтасида киши диққатини вазифага қаратиш имконини бериши туфайли самарали ҳисобланади. Шунинг учун қимматбаҳо вақтингизни чатлар, электрон почтани текшириш ёки ижтимоий тармоқларга кириш учун сарфламанг.

Дам олиш ҳақиқий бўлиши лозим. Тўлақонли ҳордиқ учун танаффусларда телефон, компьютер ва топшириқлар рўйхатини четга олиб қўйиш керак. Сайрлар, мутолаа ва суҳбат бизни энг яхши қувватлантиради. Иш тиғиз кунда танаффусда почтани текшириш ёки муҳим қўнғироқни амалга ошириш истаги пайдо бўлиши мумкин, бироқ зинҳор бундай қилманг.

Организмингиз дам олишни таклиф қилишини кутманг. Ишда танаффус қилишдан аввал чарчоқни куцак, бундай ёндашув маъносини йўқотади — юқори маҳсулдорлик соати ўтиб кетади. Олдиндан белгилаб қўйилган жадвал сиз максимал қувватга эга пайтингизда ишлаётганингиз ва самарасиз бўлиши мумкин бўлган оралиқларда дам олаётганингизни кафолатлайди. Чарчоқ ва диққат-эътиборсизликни енгиб ишлашга уринишдан кўра, қисқа танаффуслар қилиш самаралироқ эканлигини унутманг!

Натижа

Кунни табиий ритмга мос тушувчи фаоллик ва ҳордиқ даврларига ажратиш меҳнат унумдорлигини ошириш ва олдингизга қўйган вазифаларни тезроқ бажариш имконини беради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги фуқароларга мурожаат билан чиқди 
Маҳаллий
Ўзбекистонда 7 февраль куни 20 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда 
Маҳаллий
Ўзбекистонда доллар курси яна ошди