Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов Президент Шавкат Мирзиёевнинг 3 август куни ижодкор ва зиёлилар билан учрашувига муносабат билдирди. Унинг бу мақоласи ЎзАда чоп этилди.
«Барча соҳа каби санъат ҳам ўз ҳолича тараққий эта олмайди. Бунинг учун ижодкорларга, аввало, эътибор ва рағбат керак. Эътибор ижод қилиш учун етарлича шароит яратиб беришни, рағбат эса санъаткор меҳнатини баҳолаш, ҳар бир асарга, ҳар бир ролга фикр, муносабат билдиришни англатади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида биз бу ҳаёт ҳақиқатини янада теран ҳис қилдик», — деб сўзини бошлайди санъаткор.
Мактубида Эркин Комилов Ўзбекистонда бугун театр санъатининг ривожланиши ҳақида ҳам фикр юритди.
«Бугун нима учун том маънода юксак савияли спектакллар кам? Бунинг асосий сабаби, аввало, миллий драматургиямиз ва режиссуранинг анча кучсизланиб қолганида. Афсуски, ҳозир етук драматург ва режиссёрларимиз бармоқ билан санарли. Уларнинг кўпи негадир ўзига муносиб шогирд тайёрламаган. Бугун Ўзбек Миллий академик драма театри бош режиссёрсиз ишлаётганининг ўзи ҳам бу муаммо нақадар долзарб эканини англатади», — таъкидлади у.
Унинг фикрича, спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топиши жамиятимиздаги иллатларга қарши курашишда жуда муҳим. Чунки халқ бу иллатларга муросасиз бўлмас экан, бундай муаммоларнинг илдизи қуримайди:
«Президентимиз замонавий қаҳрамон образини яратиш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиққанининг сабаби шу: санъат омма орқасидан эргашиб кетмаслиги керак, аксинча халқни буюк мақсадларга ундаши зарур».
Эркин Комилов бу муаммоларни ҳал қилиш борасида ўз таклифларини берди.
«Бу борада бир таклифим бор, — сўзида давом этди санъаткор. — Мана, бугун миллий телеканалларимиз учун беқиёс имкониятлар яратиляпти: тўғридан-тўғри транслациялар кўпаймоқда. Шундан фойдаланиб, азиз ҳамкасблар, келинглар, спектаклларни ҳам жонли эфирда бир кўрсатайлик. Спектаклдан сўнг ўша саҳнанинг ўзида театр мутахассислари, танқидчилар, ижодкорлар билан саҳна асарларининг таҳлилини ҳам қилайлик. Қани энди имкони бўлса, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан оддий одамлар ҳам шу лойиҳага уланиб, дейлик, телерадиоканалга қўнғироқ қилибми ё ижтимоий тармоқлар орқали ёзибми, хуллас, тўғридан-тўғри эфирда спектакл ҳақида ўз фикрини очиқ айтса: «ҳозиргина мана бу спектаклни томоша қилдим, менга мана бу жиҳати ёқди, мана буниси ёқмади», деса, буларнинг барчаси ижодкорларнинг халқ билан мулоқоти бўлади-ку! Энг муҳими, бу билан фикр алмашилади, санъаткорлар яна ҳам ўз устида ишлайди, ижодий ўзибўларчиликка йўл қўйилмайди».
«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидан катта куч-қувват олдик. Бу бизни кўплаб янги ғояларга ундамоқда. Энди вазифамиз – шу пайтгача санъатимизда йўл қўйган хатоларимизни обдон таҳлил қилиб, истиқлол туфайли қадр топган миллий шаънимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, миллий анъаналаримиз ва эзгу фазилатларимизни камол топтириш йўлида қўлни қўлга бериб ишлашдан иборат. Ишонаманки, шунда юксак савияли, ўзбек драматургияси ва санъати асрларга етаклаб ўтадиган спектакллар яратилади. Ўшанда маданият соҳасига масъул бўлган раҳбарларимиз бу саҳна асарларига Президентимизни ҳам бемалол таклиф қила олади», — деб сўзига якун ясади Ўзбекистон халқ артисти.
Изоҳ (0)