Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 3 август куни Тошкентда БМТ бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси (БМТАЙМ) раҳбари Тадамичи Ямамотони қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтайи назаридан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони Афғонистон масаласини ҳал этишнинг асосий шарти Афғонистонда ички келишувга эришишдан ташқари минтақавий даражада консесус ҳамда йирик халқаро миқёсда ўзаро англаш ва умумий ёндашувларнинг мавжудлиги деб ҳисоблайди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро манфаат касб этадиган турли йўналишларда, жумладан сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш орқали муносабатларни фаоллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширмоқда. Айнан шу мақсадларда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили институти ташкил этилди.
Тадамичи Ямамотога Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик муаммолари бўйича халқаро конференция тўғрисида маълумот берилди. Мазкур тадбирни БМТ шафелигида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)