Apple iPhone8 ни сентябрда тақдим этиши лозим. Ҳар доим бўлгани каби янги телефон ҳақида у қандай кўринишда бўлиши, қанақа янгиликлар тақдим этиши, қанча туриши тўғрисида миш-мишлар кўп. Apple’нинг ўзи янги телефон ҳақида расман ҳеч нарса демаса-да, айфон ҳақидаги баъзи маълумотларни Meduza тақдим этади.
Қандай янгиликлар кутилмоқда?
Янги айфоннинг экрани телефон юзасини деярли тўлиқ эгаллайди. Унда фақат фронтал камера ва динамик учун кичикроқ майдонча қолган. Экран кенгайтирилганлиги туфайли «Уйга» тугмаси учун жой қолмаган. Айфон корпуси охирги моделлардаги каби алюминийдан эмас, шишадан ишланади.
Янги айфоннинг тахминий олд ва орқа панели
Айфонда «Уйга» тугмаси билан бирга (у виртуал бўлади) бармоқ изи сканери ҳам бўлмайди — авторизация учун юзни таниш тизими қўлланилади. Телефонга рангларни ёрқинроқ қилиш ва батареяни тежаш имконини берувчи OLED-экран ўрнатилади. Симсиз зарядка пайдо бўлади.
Охирги еттинчи айфон 256 гигабайт максимум хотирага эга эди. Янгисининг хотираси ундан ҳам каттароқ бўлиши мумкин.
Нархи қанча?
Янги айфоннинг чакана нархи тахминан минг долларга баҳоланмоқда. Телефон аввалги моделлардан OLED-экран, симсиз зарядка ва яхшиланган камера туфайли қимматроқ бўлади. Айфон премиал позицияни эгаллайди. Еттинчи айфоннинг яхшиланган версияси пастроқ нархда сотилади.
Янги айфон (ўртада) iPhone 7 ва iPhone 7 Plus билан таққослаганда
Қачон чиқади?
Бу номаълум. Одатда Apple айфонни сентябрдаги конференциясида тақдим этади. Шу йил ҳам шундай бўлиши эҳтимоли юқори. Бироқ унинг сотуви ёки бир неча ойга кечиктирилади ёки уни етказиб бериш дастлаб жуда чекланади. Миш-мишларга қараганда, Apple OLED-дисплей етказиб бериш билан боғлиқ муаммога дуч келган — ишлаб чиқарувчилар Apple’нинг талабини қаноатлантирадиган даражада кўп экран ишлаб чиқариш имконига эга эмас. Таҳлилчилар сотув кеч бошланиши ҳисобига Apple сентябрда якунланадиган квартал якунида пастроқ фойда кўрсатишини тахмин қилмоқда.
Изоҳ (0)