Отасининг АҚШ саноатини қайта тиклаш ва Америкада тайёрланган маҳсулотларни сотиб олишга чақириқларга қарамай, Иванка Трампга қарашли компаниялар арзон хорижий ишчи кучидан фойдаланади. The Washington Post газетаси шундай хулосага келди, дея хабар беради «ТАСС».
Президент Трампга нисбатан танқидий ёндошадиган мазкур нашр унинг қизига тегишли компания Ivanka Trump бренди остида аёллар кийими, пойабзал, сумка ва акссесуарлар ишлаб чиқаришни ишчилар ўта паст маош оладиган мамлакатларда йўлга қўйганига эътибор қаратди.
Жумладан, кийим-кечак ва пойабзал Хитой, Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия ва Эфиопияда ишлаб чиқарилади. Текширув олиб борган журналистлар Индонезиядаги тикувчи ойига 173, Бангладешдаги ходим эса 70 доллар иш ҳақи олишини аниқлади.
Ivanka Trump президенти Абигейл Клем компания етказиб берувчилар учун ишлаб чиқилган ахлоқ қоидалари меъёрлари кодексига эга эканлиги ва ишчилар ҳуқуқига риоя этиш бўйича маслаҳатчиларни ёллаш ниятида эканлигини билдирди.
Шу билан бирга, у АҚШда тикувчилик маҳсулоти ишлаб чиқариш ниҳоятда мушкул эканлиги, мамлакатда шу соҳадаги малакали ишчи-ходимлар деярли қолмаганини тан олди.
Изоҳ (0)