Татаристон президенти лавозими республиканинг амалдаги раҳбари Рустам Миннихановнинг ваколатлари якунига етгунча — 2020 йилга қадар сақланиб қолади. Бу ҳақда Россия президенти маъмуриятидаги манбага таяниб, «Коммерсантъ» маълум қилди, дея хабар беради Meduza.
«Республика аҳолиси сайловларда айнан Татаристон президенти учун овоз берган», — дея бунга изоҳ берди газета манбаси.
Татаристон раҳбари лавозимининг қандай номланиши республика ҳуқуқий масалалар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш комиссияси хулосаларини инобатга олиб, ҳал этилади.
Маълумот учун, Татаристон раҳбари лавозимининг номланишида «президент» сўзи сақланиб қолган Россиядаги ягона республика. Қолган минтақалар буни 2010 йилда қабул қилинган қонун асосида амалга ошириб бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Кремль Россия ва Татаристон ўртасидаги ваколатларни чегаралаш бўйича шартномани узайтириш ёки янги шартнома тузиш ниятида эмаслиги билдирилганди.
Изоҳ (0)