Туркия ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ҳамкорлигида 2—7 июль кунлари «Ўзбекистон—Туркия Саломатлик ҳафталиги» бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
«Газета.uz»нинг ёзишича, хайрия акцияси давомида 7 йўналишда (анестезиология ва реаниматология, болалар кардиоваскуляр жарроҳлиги, урология, гинекология, ортопедия, умумий жарроҳлик ва болалар жарроҳлиги) Туркиядан келган жами 19 шифокор ва ўзбекистонлик 222 нафар тиббиёт мутахассислари ўзаро тажриба алмашиб, маҳорат машғулотлари ўтказди.
Беш кун давомида шифокорлар 184 беморга маслаҳатлар берди, улардан 80 нафари Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий маркази, Чирчиқ шаҳридаги перинатал марказ, Янгийўл ва Олмалиқ шаҳарларидаги туғуриқ мажмуалари ҳамда Урганч шаҳридаги Онкология диспансери ва Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Урганч бўлими клиникаларида бепул операция қилинди. Баъзи операциялар жарроҳлик амалиёти тажрибасини оммалаштириш мақсадида видеоконференция воситасида трансляция қилинди.
Акция доираси Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашди, шунингдек, Гематология ва қон қуйиш институти қошида ташкил этилган Суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш маркази фаолияти билан танишди.
Изоҳ (0)