Қўқон шаҳар ИИБга 2017 йил 5 июлда Қўқон шаҳрида яшовчи Ш.Р. ариза билан мурожаат қилган. Аризага кўра, шу куни соат 12:00 да, фуқаро Қўқон шаҳар Фурқат кўчасида йўл четида турган вақтида, номаълум шахслар унинг қўлида бўлган ва целлофан пакетга солинган 1 600 000 сўм пулини қўлидан тортиб олиб, воқеа жойидан яширинган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ маълум қилди.
Қўқон шаҳар ИИБ ва вилоят ИИБ Пост-патруль хизмати ходимларининг ҳамкорликда олиб борган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи Т.А. ва Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи Б.Д. содир этгани аниқланган ва улар қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан Б.Д. ва Т.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 166-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)