Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида кўплаб бино иншоотларни бузиш бўйича кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Улар орасида собиқ энергетика ва автоматик институти ҳудудидаги бинолар ҳам бор. Ўша ерда жойлашган объектлардан бири — Кауфман етимхонасининг биноси бўлиб, у 1916 йили қурилган. Ушбу бинонинг тақдири нима бўлиши ҳақида «Газета.uz» ёзиб чиқди.
Кеча, 9 июль куни матбуот саҳифаларида ушбу бино бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо бу хавотирлар ўринсиз бўлиб чиқди.
«Газета.uz»га кўра, дам олиш кунлари бино атрофида ишлар олиб борилган — хусусий уйлар, тугатилган институтнинг лаборатория ва омборхоналари бузилган. Кутубхонадан китоблар олиб чиқилиб, ерга тахланган, ишчилар мебель, асбоб-ускуналарни олиб чиққан.
Ишчиларнинг сўзларига қараганда, бузиш ишлари билан «Ўзбекэнерго» ва «Ўзбекнефтгаз» шуғулланмоқда. Даставвал 29 гектар ҳудуддаги барча бинолар, шу жумладан, Кауфман етимхонаси биноси ҳам бузилиши режалаштирилаётган эди. Ишчиларнинг етти нафари бу ҳақда айтди, уч нафари эса раҳбарият бу борадаги қарорни кутаётганини билдирди.
«Бузиш штабида шанба кечаси раҳбарлардан ҳеч ким йўқ эди. Воқеа жойига бошқа журналистлар ҳам келди. Штаб вакиллари объектларни суратга туширишни тақиқлади ва журналистлардан ўзларини таништиришни сўради. Улар ўз исмлари ва мансабларини айтишдан бош тортди», — дейилади материалда.
Якшанба куни бош вазир Абдулла Ариповнинг ташрифи ҳақида маълум бўлди. Штаб вакилларининг сўзларига қараганда, ҳукумат раҳбари бинони сақлаб қолиб, уни реставрация қилишни топширган.
Изоҳ (0)