Facebook ижтимоий тармоғининг тошкентлик фойдаланувчиси Сабина Қодирова ўзи турадиган ҳудудда рўй берган фожиа ҳақида ёзиб қолдирди. Унинг ҳикояси ижтимоий тармоқнинг турли гуруҳларида, шу жумладан, «Халқ билан мулоқот» гуруҳида тарқалиб кетди ва қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Унинг сўзларига қараганда, 8 июль куни соат 12:00–13:00 орасида «Ташсельмаш» массивида трансформатор будкасида портлаш рўй бериб, ёнғин келиб чиққан. Яшнобод туман электр тармоқлари таъмир бригадаси воқеа жойига етиб келган. Фойдаланувчининг сўзларига қараганда, улар «техника хавфсизлигига риоя қилмай, ҳимоя воситалари ва кийимларисиз, электр узатишни ўчирмай туриб» будкани очган ва унда ишлай бошлаган.
Иш жараёни давом этаётган пайтда соат 17:50 да яна портлаш рўй берган ва ёнғин янада авж олган. Ишчилардан бири кучли куйиш жароҳатларини олган, қолганлари эса портлаш зарби билан четга улоқтириб юборилган. Массив аҳолиси дарҳол тез тиббий ёрдам чақиртирган.
Тез ёрдам машинаси 30–40 дақиқадан сўнг етиб келган. Унга қадар маҳаллий аҳоли вакилларининг ўзлари жабрланган ишчига ёрдам кўрсатган. Тиббиёт ходимлари эса, Сабина Қодированинг сўзларига қараганда, ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган ва четдан туриб жараённи кузатган. Кейинроқ яна «МДС» клиникасидан икки тез тиббий ёрдам машинаси келган, аммо улар бошқа шифокорлар борлигини айтиб, воқеа жойини тезда тарк этган. Оқибатда жабрланувчи оламдан ўтган.
«Бу 26–27 ёшли йигит эди. Одамларни ҳаёт учун хавфли объектларда ишлаш учун оддий хавфсизлик техникасига амал қилмасдан юборадиган туман электр тармоқлари раҳбариятининг бепарволиги, тез тиббий ёрдам ходимларининг инсонга нисбатан беэътиборлиги одамнинг ғазабини келтиради», — дейилади хабарда.
Ушбу воқеа Facebook’даги қатор гуруҳларда тарқалиб, қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Кимдир тез тиббий ёрдам ходимларининг, яна кимдир электр тармоқлари раҳбариятининг бепарволигига урғу берса, яна кимлардир оддий хавфсизликка риоя қилмаган ходимларда барча айб деб ҳисобламоқда.
«Ҳайронман, нега тез ёрдам ярим соатдан кейин келди, тушунмаяпман???», — деб савол ташлади муҳокамалар иштирокчиларидан бири.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаерга қараяпти? Ёки уларга ким раҳбарлик қиляпти? Уларнинг Гиппократ қасами ичгани қаерда қолди?», — деб ўз норозилигини ифодалади бошқа фойдаланувчи.
Айримлар массив вакилларида ҳам айб борлигини айтиб ўтди.
«У ерда одамлар ярим соат йигитнинг аҳволи ёмонлашишини кузатиб ўтирди, йигит эса улар учун ҳаракат қилаётган эди. Деярли барчасида машина бор, лекин машинани ифлос қилгиси келмайди, ҳатто таксида ҳам шифохонага олиб бориш мумкин эди», — дейилади изоҳлардан бирида.
Изоҳ (0)