Республика байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев бугун, 5 июль куни Тошкентда оламдан ўтди, деб хабар берди «Новости Узбекистана».
Вазирлар Маҳкамаси қошидаги хорижий давлатлар билан миллатлараро ва дўстона алоқалар бўйича қўмитанинг маълум қилишича, 5 июль куни Насриддин Муҳаммадиев узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этган.
Насриддин Муҳаммадиев Республика байналмилал маданий марказига 2005 йилда раҳбар этиб тайинланган. Бироқ хасталиги сабаб янги қўмитада раҳбар лавозимида ишлашга улгурмади. Баҳорда инфарктолди ҳолатида пойтахт шифохоналаридан бирига ётқизилган эди.
Насриддин Муҳаммадиев маълумоти бўйича филолог, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 1994—1996 йилларда Ташқи ишлар вазирлигида, 1996—1999 йилларда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида матбуот котиб лавозимида ишлаган. 1999—2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматида етакчи маслаҳатчи сифатида фаолият юритган. 2005 йилда байналмилал маданият марказига директор этиб тайинланган.
Ўз ишининг устаси билан видолашиш маросими соат 17:00да Юнусобод туманидаги Минор қабристонида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)