Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактабни ўқитувчилар таъмирлаётгани акс этган видео тарқалганди. Бугун, 4 август куни Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан иккинчи баёнотини берди.

Маълум қилинишича, Марҳамат тумани “Янгиҳаёт” МФЙдаги 42-мактаб 1982 йилда қурилиб, 2005 йилда таъмирланган. Мактаб 2023 йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиқиб, 1,1 миллиард сўмлик эшик ва ромлар билан таъминланган.
2024 йилги мавсумда яна 1,1 миллиард сўм маблағлар ютиб олиниб, спорт майдони қурилган, мактабнинг олд қисми замонавий кўринишга келтирилган.
Ҳозирда мактабда жами 1 минг 236 нафар ўқувчиларга 74 нафар ўқитувчи таълим беради.
“Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеотасвирлардаги ҳолат жорий йил 2 август куни содир бўлиб, унда бир гуруҳ педагоглар томонидан ҳашар жараёнлари амалга оширилаётгани акс этган. Мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидланса-да, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмаганлиги сабабли мактаб директори З.М. эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини маълум қиламиз”, дейилади манба хабарида.
Аввалроқ бошқарма ҳолат атрофлича ўрганилишини хабар қилганди. Шу билан бирга, тарқалган видео юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳам муносабат билдирган.
Изоҳ (0)