«Камолот» ЁИҲнинг IV қурултойида иштирок этган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини билдирди. Шу билан бир қаторда, давлат раҳбари иттифоқ фаолияти билан боғлиқ бир қатор таклифларни ҳам айтиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини Ўзбекистонда Ёшлар куни деб эълон қилиш таклифи давлат раҳбари томонидан билдирилди.
Қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш мақсадида қизлар учун алоҳида нашр – «Қизларжон» ёки «Дугоналар» номли янги журнал ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили «Энг китобхон мактаб», «Энг китобхон маҳалла», «Энг китобхон оила» каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида бериш масаласи кўтарилди.
Президент ўз нутқида яна бир муҳим лойиҳа – 2020 йил 1 декабргача ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли, барча қулайликларга эга бўлган кутубхона ва китоб дўконини ҳам ўз ичига олган кичик Ёшлар марказларини барпо этиш лойиҳаси ҳақида гапирди.
Шунингдек, келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туманда биттадан коллеж биносини Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфига бериш лозимлги таъкидланди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев мамлакатда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига «Темурбеклар мактаби» деб ном бериш, турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун «Мард ўғлонлар» деган ном билан Давлат мукофотини таъсис этиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида «Келажак бунёдкори» медалини таъсис этиш таклифларини билдирди.
Изоҳ (0)