Ўзининг сўнгги мавсумини Қатарнинг «Ас-Сайлия» клуби сафида ўтказган Санжар Шоаҳмедов «Championat.asia» нашри билан суҳбатда бўлди ва ўзига бўлаётган қизиқишлар ҳақида гапириб берди.
Футболчининг сўзларига кўра, унинг «Ас-Сайлия» билан шартномаси якунига етган. Ваҳоланки қиш мавсумида Шоаҳмедов ҳам, Темурхўжа Абдухолиқов ҳам «Ас-Сайлия» билан 1,5 йиллик шартнома тузгани айтилганди. Келишув нима сабабдан ярим йилдан кейин тўхтаб қолгани очиқланмаган.
Шоаҳмедовни ўз сафида кўришни Тошкентнинг икки гранд клуби истаётгани ҳақида хабарлар бор: «Бунёдкор» ва «Пахтакор». Ярим ҳимоячининг Ўзбекистондаги сўнгги клуби «Локомотив» бўлганди. Қатардан қайтиб келган футболчи «темирйўлчилар» сафига бориб қўшилмаслиги катта эҳтимол.
Шунингдек, Қатар, БАА ва Эрон клублари ҳам Санжар Шоаҳмедовни ўз таркибида кўриш истагини билдирган. Бироқ айнан қайси клублар эканига ойдинлик киритилмаган. Яқин орада футболчи навбатдаги жиддий қарорини қабул қилади.
Маълумот учун, Санжар Шоаҳмедов Самвел Бабаян устозлик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзоси ҳисобланмайди.
Изоҳ (0)