28 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлигида Вебстер университетининг (АҚШ) академик ишлар, халқаро илм даргоҳлари ва ташаббуслари бўйича вице-президенти Питер Махер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар берди UzDaily.
Учрашув давомида Вебстер университети ва ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлаш бўйича Тошкент ахборот технологиялари университетининг ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, ҳамкорлик давомида талабалар учун янги академик дастурларни жорий қилиш, Вебстер университетининг халқаро кампуслари орқали ўқитувчилар ва талабаларни алмашиш, биргаликда илмий тадқиқотларни ўтказиш йўналишлари бўйича ўзаро қизиқишлар билдириб ўтилди.
Вебстер университети билан ҳамкорликнинг кенгайтирилиши Ахборот-коммуникация соҳасида халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали мутахассисларни тайёрлашда хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Вебстер университети 1915 йилда ташкил топган бўлиб, Миссури штатининг Сент-Луис шаҳрида жойлашган. Вебстер хусусий нотижорат университет бўлиб, унинг АҚШдаги, шунингдек, Европа, Осиё ва Африкадаги олийгоҳларида 17 мингга яқин талаба таҳсил олади.
Изоҳ (0)