Украина вазирлар маҳкамаси компьютерларида қаттиқ дискдаги ахборотни шифрлаб қўювчи товламачи-вирус тарқала бошланди. Бу ҳақда Украина бош вазири ўринбосари Павел Розенко Facebook’даги саҳифасида маълум қилди, дея хабар бермоқда Meduza.
Розенконинг матбуот котиби Елена Голюк эса ўз компьютери экранидаги тасвир акс этган суратни эълон қилди — унда ахборотни шифрлашдан чиқариш учун 300 доллар миқдоридаги пулни биткоинларда тўлаш талаби кўриниб турибди.
Товламачи-вируснинг таъсири ҳақида аввалроқ Украина банклари ва энергетика компаниялари хабар берган эди. Киев метрополитенидаги йўл чипталарини тўлдириш терминаллари ҳам вирус билан зарарланган.
Бориспол аэропорти бош директори Павел Рябикин ҳам хакерлик ҳужумлари ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, аэропорт сайти ва рейслар жадвали таблоси ишламаяпти.
Рябикин носозликларни спам-ҳужум билан изоҳлади, бу товламачи-вирусни ишга туширган хакерларнинг ҳаракати билан боғлиқми ёки йўқ — ҳозирча номаълум.
Изоҳ (0)