BMW — ҳар бир авто соҳибининг орзуси. Бу орзунинг ишлаб чиқарилиши ичкаридан қандай кўринади? BMW’нинг дастурий таъминот бўйича муҳандиси, ўзбекистонлик Шокир Тўлаганов энг йирик автоконцернлардан бирига ишга қандай жойлашгани, у ерда ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ва компаниянинг келгуси режалари ҳақида «Коммерсант.uz»га сўзлаб берди.
Авиация, «Юний техник», Apple
Болалигимда самолёцоз бўлишни хоҳлардим. Отам Чкалов номидаги ТАИБда ва 243-авиатаъмирлаш корхонасида (ҳозирги Uzbekistan Airways Technics) ишларди. У Ил-76 самолётини яратиш ва унга хизмат кўрсатиш, Ан-124 Руслан ва Ан-224 Мрия учун қанотлар тайёрлаш бўйича ишлаган. Кичиклигимдан мени бу корхоналарга тез-тез олиб борар, аэродинамика асосларини, қанотлар тузилишини ва самолётларнинг бошқа хусусиятларини тушунтирарди. Етти ёшлигимда мен кўзимни юмиб туриб ҳар қандай совет самолётлари турини двигателининг овозидан аниқ айтиб бера олардим.Ўн ёшимдан авиамоделлаштириш тўгарагига қатнаганман, бўш вақтимни бутунлай ўша ерда ўтказардим: планерлар, турли самолётлар ясардим, барча шаҳар ва республика мусобақаларида қатнашардим. Ҳозиргидек ёдимда — баъзида ўзим йиққан ички ёнув двигателили самолётни уйга олиб кетганимда Қоратошдаги маҳалла болалари мени ўраб олиб, самолётни учиришни сўрашарди. Авиацияга қизиқишим ҳануз сўнмаган — авиасалонларга мунтазам қатнайман.
Тўққизинчи синфда ҳисоблаш техникаси ва дастурлашга тасодифан қизиқиб қолдим. Информатика дарсида дастлаб ҳеч нарсага тушунмасдим. Ўқитувчимиз Сабина Анатольевна содда тузилмавий диаграмма чизмасини миямга жойлаш учун узоқ ва жиддий жаҳд билан ҳаракат қилганди. Praves компьютерларидаги BASIC тили ҳақида гап ҳам йўқ эди у пайтларда. Бир куни алгоритм нималигини билиб олишга қарор қилдим. Бу муайян қоидаларга бўйсунувчи амалиётларнинг мантиқий занжири эканлигини тушунганимда, кўз олдим чароғон бўлди ва масалаларни кетма-кет ҳал қила бошладим. Болалигимдан «Юний техник» журналига обуна бўлардим, отам йиғиб қўйган, 50–60 йиллардаги сонлари ҳам сақланиб қолганди. Уларда ЭҲМ ҳақида кўп ёзиларди, ўша ердан қизиқарли масалаларни топиб, ечишга одатландим.
Ҳозир ҳам ўша журналнинг бир сонини сақлаб қўйганман — унга қараб калькуляторда дастурлашни ва ҳатто ўйинлар дастурлашни ўрганганман. Бу бир регистрдан бошқасига битларни ўтказиш ва муайян мантиқий амалиётларни бажариш орқали амалга ошириларди. Бу ўйинлардан мисолларни мен талабалик давримда Ульм университетида Талабалар учун ассемблер бўйича амалий машғулотлар ишлаб чиқишда келтирганман.
Кейин нафақат Тошкент, балки бутун мамлакат миқёсидаги муҳим воқеа рўй берди. Москва, Киев, Минск ва Тошкент бўйлаб «АҚШ ҳаётида информатика» кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма мажмуига кириш деярли иложсиз эди — шаҳарнинг ярми навбатда турар, кўпчиликка кўргазманинг ўзидан ҳам кўра кўкрак нишони, чиройли журнал ва пакет олиш қизиқроқ эди. Мен эса ичкарига амаллаб суқилиб кирдим ва… оғзим очилиб қолди. Ўшанда мен биринчи марта сичқончали Apple компьютерларини, тачскринли дисплейларни кўрдим. Бу ҳали 1989 йил эди! Бутунлай бошқа дунё эди бу.
Таълим
80-йиллар охирларида мен Киевдаги Фуқаролик авиацияси муҳандислари институтида ўқишни режалаштиргандим, аммо Иттифоқнинг парчаланиши режаларимни ўзгартириб юборди. Қолаверса, отам бевақт оламдан ўтди ва энди онам, синглим, бувимни ташлаб узоққа кетишни хаёлимга ҳам келтириб бўлмасди.Мен қаерга ўқишга киришни аниқ ҳал қилолмасдим. Онам Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги мелиорацияси институтига киришга кўндирди. Мен чет элдаги ўқишга ўтиб кетишни ўзимга мақсад қилиб қўйгандим, лекин учинчи курсдан ўқишни ташладим. Ўша пайтда кўпроқ бугунги кун билан яшардим ва чет эл компанияларига хизмат кўрсатиш билан шуғулланардим: таржимадан тортиб бизнес-консалтинггача кўмаклашардим. У пайтларнинг меъёрлари бўйича ёмон пул топмасдим, мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам кўп танишлар орттирдим. Лекин чет элда ўқиш фикри менга тинчлик бермасди.
Охир-оқибат мен Германияга келдим, бу ерда Ульм университети бакалавриати ва магистратурасини «Информатика» йўналиши бўйича битирдим. Аспирантурага таклиф қилишди, лекин ўқишдан чарчаганим сабабли олдин бироз ишлашга қарор қилдим. Nokia компанияси анчадан бери ишга чақирарди — ўқиш давомида уларнинг тадқиқот маркази билан дастурчи сифатида ҳамкорлик қилиб юрардим. Ўша ерга ишга кирдим. Аспирантура эса қолиб кетди.
Nokia, Kuka роботлари, BMW’га таклиф
Менинг биринчи лойиҳам S40 платформаси линиясини маҳаллийлаштириш бўлди. Мен телефонлар дунёнинг кўплаб тилларида, жумладан, рус ва ўзбек тилларида ишлай олишига жавоб берардим. Бинобарин, қачондир рус ёки ўзбек тилидаги менюси бор Nokia’дан фойдаланган бўлсангиз, билингки, бу пакетларни мен тайёрлаганман. Дарвоқе, Nokia 3310 ва 6310 каби машҳур моделлар Ульм шаҳридаги бизнинг марказимиздан чиққан.Кейин мен чет иловаларнинг интеграцияси бўйича лойиҳалар билан шуғулландим — Facebook ҳамда Instant Messenger иловаларига жавоб берардим.
2012-йилда Nokia банкрот бўлди, мен эса Kuka — автомобиль ва бошқа техникаларни йиғувчи, дунёда энг кенг тарқалган саноат роботларини ишлаб чиқарувчи компаниядан таклиф олдим. Kuka’да мен Build Management тизимини ишга тушириш ва Continious Integration (узлуксиз интеграция) режимида build-жараёнларни автоматлаштириш билан шуғулландим.
Лойиҳа якунига етиб, фақат қўллаб-қувватлаш, вақти-вақти билан арзимаган ўзгаришлар киритиб туришгина қолганда, бу иш менга зерикарли кўрина бошлади. LinkedIn орқали менга иш берувчилар, хедхантерлар мунтазам ёзиб турарди. BMW билан ҳамкорлик қилувчи ходимларни ёллаш агентлигидан ҳам ёзишди. Уларга Build Managment ва Embedded Systems’га дастурий таъминотни интеграциялашда тажрибага эга одам керак эди, чунки бу ерда ҳам Continious Integration режимига ўтиш режалаштирилганди. Бу эса мен узоқ йиллар шуғулланиб юрган йўналишим эди. Биз бир-икки ёзишдигу, шу билан уларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Бир неча ҳафтадан кейин улар яна менга хат йўллади ва BMW компаниясига суҳбатга чақирди, у ерда менга ишга кириш таклиф этилди.
Мени ишга олишганда яшаш ва ишлашга рухсатномам бор эди, шу сабабли чет элдан ишга жойлашиш таомилини яхши билмайман. Лекин хориждан келиб, шу ернинг ўзида рухсатнома олган кўплаб одамларни биламан. Компания кўчиб келишга ҳам, ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳам ёрдам беради. Барчаси иш берувчи янги ходим олишдан қанчалик манфаатдор эканига боғлиқ. Нақ Австралиядан, бутун оиласи ва яна катта контейнер тўла уй жиҳозлари билан кўчиб келиши харажатини компания қоплаган одамларни биламан.
BMW’нинг ички ҳаёти
Дастлабки икки ой жараёнларни ўрганишга, курсларни ўташга ва сертификатлар олишга кетади. Ҳозирда мен Driving Assistency Systems бўлимида ишлайман, VDP (Vertical Dynamic Platform) лойиҳасига ва премиум тоифасидаги автомобиллар: BMW 7, Rolls-Royce’нинг вертикал осмаси контроллерига жавоб бераман. Менинг ишим «темир» етказиб берувчилар билан ишлаш, автомобиль DT ягона тизимига интеграциялаш ва дастурчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат. Иккинчи вазифам бошқа контроллерларга жавоб берувчи интеграторлар жамоасини мувофиқлаштиришдир (Team Lead). Учинчи вазифа — DT ташқи етказиб берувчилари билан ишлаш: техник топшириқ тайёрлаш, тендерлар эълон қилиш ва ғолибларни танлаш. Кўпинча ҳиндистонлик компаниялар ютиб чиқади. Ўзбекистонда, бутун Собиқ Иттифоқ ҳудудидаги каби, бизнинг талабларимизга жавоб берадиган фирмалар ҳозирча мавжуд эмас.Иш ҳақи қанчалигини айтиб ўтирмайман. Ўзингиз биласиз, инсон қанчалик кўп топмасин, доимо кам кўринади. Лойиҳавий бонуслар бор, алоҳида келишувлар бор. Ҳаммасини келишса бўлади.
Менда шу корхонага тегишлилик ҳисси йўқ, аввалги ишхоналарда ишлаганимда ҳам бўлмаган. Мен ўз хизматларим ва билимларини сотаман, зиммамдаги вазифаларни бажараман ва бўш вақтимни ўзимга ва яқинларимга бағишлайман. Шуниси менга қулай — бу мавқедан туриб ишнинг турли жиҳатларига танқидий ёндашиш осон бўлади. BMW’нинг Мюнхендаги бўлинмасида 40 минг нафар ходим ишлайди, бу кичикроқ шаҳар аҳолисидир. Муносабатлар ҳам шунга яраша — мен фақат ўз қўшниларимни танийман, нариги кўчадагиларни йилда бир марта кўрсам кўраман, бўлмаса ўша ҳам йўқ.
Бу «шаҳарча»нинг ўз қувончлари, ташвишлари, ҳаяжонли дамлари бор. Бошида мени яхши қабул қилишди, ҳамма дўстона муомалада бўлди. Мен аста янги ишга кириша бошладим, деярли ҳеч ким билан бақамти келмадим. Тўрт ой ўтгач, бошлиқ менга интеграторлар жамоасига раҳбарлик қилишни таклиф этди — жамоада жиддий муаммолар туғилганди. Ташкилий жараённи тубдан ўзгартира оладиган, вақтинчалик бўлса ҳам, инқироз-менежер керак эди. Ҳамкасбларимнинг муносабатлари турлича бўлди. Буни табиий ҳол деб қабул қилдим: янги келган, бунинг устига чет эллик ходимни кўтаришди. Мен анчадан бери бундай фикрларга эътибор бермай қўйганман, улар менда ҳеч қандай салбий туйғулар уйғотмайди: бу гап-сўзларни менинг ишим, хатти-ҳаракатим ва пировард натижам ювиб кетишини яхши биламан.
Бир-биримизга қандай кўникканимиз, жамоани зўрлик билан янгича Sprint ва Scrum ташкилий жараёнига мослаштирганим — булар алоҳида мавзу. Лўнда қилиб айтадиган бўлсам, ярим йилгача, то жамоамизнинг натижалари яққол кўринмагунича, шубҳа билан қарашларидан халос бўлмадим.
Ҳамкасбларнинг барчаси биз аҳил ва бирдам жамоага айланганимизни, авваллари кўп учраб турган ҳол — DT етказиб бериш муддатининг чўзилиб кетишига барҳам берилганини тан олди. Энг муҳими эса ўртамизда қалин дўстона муносабат қарор топди. Мен жамоада мунтазам равишда турли тадбирлар уюштираман, бирга ресторанга борамиз, барбекю тайёрлаймиз. Ўзимнинг раҳбар эканимни таъкидлашга асло ҳаракат қилмайман: ўзаро ҳазиллашамиз, уларнинг муаммоларига қулоқ тутаман, қўлдан келганча ёрдам бераман ва жамоанинг ҳар бир хатоси учун раҳбарият олдида жавобгарликни бўйнимга оламан.
BMW берган сабоқлар
Кучли тайминг шароитида ишлаш. Биз серияли автомобиллар чиқарамиз, муддатни чўзиб юбориш катта зарарларга олиб келади. Дастурий таъминот ҳам шу тариқа ишлаб чиқилади — серияли, аниқ режа асосида, унинг бузилишига менежерлар боши билан жавоб беради.BMW — анъанавий немис, аниқроғи, Бавария компанияси. Мен миллатга қараб ажратиш тарафдори эмасман, лекин барибир темпераментда, ҳис-туйғуларда ва ишга ёндашишда фарқ сезилади. BMW’да турли мамлакатлар вакиллари ишлайди, улар турли ҳолларда, айниқса муаммоли вазиятларда ўзларини турлича тутишини кузатаман. Немислар масалага қизишмай ёндашади: фақат иш юзасидан гапиради, овозларида ҳиссиётнинг томчиси ҳам сезилмайди.
Кўп миллатли жамоада муаммо муҳокамаси қий-чувдан бошланади, масалан, италияликлар билан мулоқотда муаммонинг моҳияти қаерда-ю, қуруқ гап ва қўл силташлар қаерда — ажратиб олиш осон кечмайди. Тажрибали немис менежери эса сабр билан тинглайди, кейин ҳаммасини жой-жойига қўйиб тушунтиради: «Мана бу — муаммо, мана бу — унинг ечими, ўтган гал биз буни мана бундай ҳал қилгандик, демак, сен мана буни бажарасан, биз эса нариги ишни уддалаймиз. Бу вазиятни Lessons Learned’га ёзиб қўямиз ва бошқа ҳеч қачон бундай хатога йўл қўймаймиз, деб умид қиламан». Шундан кейин сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолади ва ҳамма иш-ишига тарқаб кетади. Немис эса, бунинг ҳаммасини баённомга туширади ва Wiki’даги FAQ’га киритади. Немислар Ordnung muss sein! дейишади, буни «Тартиб ҳар нарсадан улуғ» деб таржима қилиш мумкин. Бундай шароитда, истайсизми-йўқми, мана шу тартибни қабул қиласиз ва шундай интизомга кўникасиз.
«Энг муҳими — ўзингга ортиқча баҳо бериб юбормаслик»
Германия корпоратив сиёсати узоқ йиллардан буён оптимизацияга йўналтирилган. Иқтисодиётнинг олтин қоидаларидан бири ёдингиздами? Минимал пул тикиб, максимал даромад кўришга интилиш. Бу ерда шундай йўл тутишади: минимал инсон ресурслари сарфлаб, максимум унумдорликка эришишга интилишади. Бу шундай амалга оширилади: сизга аста-аста қўшимча техник топшириқлар юклайверишади, кузатишади — агар бу ишларнинг уддасидан чиқиб, муддатида бажараётган бўлсангиз, демак, яна иккита «қоп» ортса бўлади. Бу то сиз букилиб қолгунингизча давом этади. Шунда тизгинлар тортилади, максимал унумдорлигингиз белгиланади. Елкадан битта қоп олиб ташланади ва энди кунига шунча қоп ташийсан, дейилади.Шу сабабли ўз имкониятларини реал баҳолаш керак. Берилган ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр туриш — яхши хислат, лекин қўлингдан келадиганидан ортиқ вазифани зиммангга олишинг ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Муддатларнинг чўзилиши ёки вазифалар бажарилмаганлиги учун бошингни силашмайди, бунинг асорати эса узоқ вақт сақланиб қолади.
Кун тартиби ва самарадорлик сири
Эркин иш графигига эгаман, лекин иш юзасидан учрашувлар кўп бўлгани сабабли ишга 9:00 бўлмасидан олдин келишимга тўғри келади. Агар ҳиндистонлик компания билан телеконференциям бўлса, вақтдаги тафовут сабабли яна ҳам вақтлироқ келаман.Агар ишингиз бошқа жойларга қатнашга боғлиқ бўлса, хизмат машинаси берилади. Зарур ҳолларда йўл харажатлари қопланади. Бўлимимизда DT’ни синовдан ўтказиш учун ишлатиладиган машиналар кўп, уларни ҳатто шахсий мақсадларда, дам олиш кунларига ҳам олишимиз мумкин.
Мен Аугсбургда яшайман, бу Мюнхендан 50 километр нарида. Ишга тезюрар поездда қатнайман, унда интернет, стол ва розетка бор — мен ярим соат вақтимни почтани кўздан кечириш ва эрталабки учрашувлар учун ахборот тайёрлашга бағишлашим мумкин. Қайтишда ҳам поезддаги вақтимдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ҳар куни ишдан кейин фитнес-клуб ёки бассейнга боришга ҳаракат қиламан. Дастурим стандарт: 10 километр югуриш, чигалёзди машқлари ва сауна ёки 2 километрга сузиш. Машқларсиз танам бўшашиб, диққат йўқолади, умуман, ўзимни нохуш ҳис қила бошлайман. Кечқурунлари уйдаги кабинетимда BMW билан боғлиқ бўлмаган бошқа лойиҳалар устида ишлайман.
Ўзбекистондаги лойиҳалар
Ўзбекистондаги бизнес-шериклар билан алоқаларни узмаганман, ҳозирда ҳам баъзи лойиҳаларни бирга амалга оширамиз, лекин улар IT’га боғлиқ эмас. Асосан бу кўп жиҳатдан автоматлашган ишлаб чиқариш линияларидир. Кейинги икки йилда мен Ўзбекистонга кўпроқ боришга ҳаракат қиляпман, у ерда мана шу лойиҳалар устида ишлайман. Ўзбекистондаги лойиҳаларга берилиб боришимни кўриб, эртами-кечми ё Германиядаги карьерани ёки Ўзбекистондаги бизнесни танлашимга тўғри келишини тушуниб турибман. Унгача эса Германиядаги мураккаб лойиҳаларни бошқариш бўйича тажриба ошириб бораман.Афсуски, Ўзбекистонда машинасозлик соҳасида DT яратиш билан шуғулланувчи бирорта компанияни билмайман. Ўз автомобиль заводи мавжудлигини ҳисобга олсак, автомобилсозликни маҳаллийлаштириш учун бу йўналиш жуда фойдали бўлар эди. Билишимча, DT етказиб бериш билан Chevrolet асосий концерни шуғулланади. Автомобильсозликда DT роли тобора ортиб боради ва Ўзбекистон бу йўналишни ўз тажрибаси асосида ривожлантириши лозим бўлади.
Тошкентдаги дастурчиларга маслаҳатлар
Биргина веб-саҳифалар ва мобил иловалар яратишга ўралашиб қолмаслик керак. Бошқа кўплаб соҳалар бор, уларни татбиқ этиш, фақат юқори даражадаги тилларда эмас, машина тилида ҳам дастурлаш лозим. Ўзбекистонда кўплаб автоматика институтлари, ҳисоблаш марказлари, йирик заводлар қошида автоматлаштириш бўлимлари бўлган.Болаларни техникага ўргатиш жуда муҳим. Қурилмалар билан таништириш, ишлаш тартибини тушунтириш керак. Қизиқиш болаликдан бошланади. Баъзан мен Raspberry’да дастурлайман, ўғлимга оддий ҳисоблаш қурилмалари қандай ишлашини тушунтириш мақсадида уй жиҳозлари учун содда ечимлар ишлаб чиқаман. Масалан, Янги йилда биз Қорбобони топиш дастурини туздик, компьютерга ҳаракат детекторини уладик, арча атрофига инфрақизил нурли датчиклар ва камера ўрнатдик (бироқ Қорбобони барибир тута олмадик).
BMW’нинг кейинги беш йилдаги режалари
Мен ишлайдиган BMW инновациялар ва ишланмалар марказида (Forschung und Innovationszentrum) махфийлик ва қатъийлик даражаси жуда юқори. Марказ ҳудудида суратга олиш тақиқланган. Автомобильлар махсус яширувчи бўёқ билан бўялади. Шу сабабли янги моделлар расмларини кўрсата олмайман.BMW компанияси яқин беш йил учун режа ишлаб чиққан. 2018 йилга қадар ўта юқори даражада автоматлашган автомобиль (High Automatic Driving) серияли ишлаб чиқаришга қўйилади, унда бошқарувнинг аксарият қисми борт компьютери орқали амалга оширилади. 2021 йилга қадар компания бошқаруви тўлиқ автоматлашган автомобилни (Full Automatic Driving) серияли ишлаб чиқаришни бошлаш ниятида. Ҳозирда ҳам ярим автоматик, ҳам тўлиқ автоматик режимда юра оладиган прототиплар мавжуд. Лекин олдинда узоқ давом этадиган сертификатлаштириш ва кейинги ишлов бериш жараёнлари бор. Бундан ташқари, бундай автомобиллар юриши учун йўллар ҳам сертификатланган бўлиши керак.
Яқин келажакда автомобиллардаги DT улуши кескин ортади. Механика ва материалшунослик ривожланиши жараёни деярли такомилига етган, автоматизация ва сунъий интеллект эса энди ривожланиш босқичида турибди. Оддий мисол: еттинчи сериядаги BMW’да 30 йил олдин ҳам борт компьютери бўлган, у ёқилғи узатилиши вақтини ҳисоб-китоб қилар, бир нечта датчиклар кўрсаткичларини ҳисоблар ва натижани дисплейда намойиш этарди. Борт компьютери DT ҳажми, бутун диагностика ўлчамлари билан бирга, 64 килобайтни ташкил қиларди. Еттинчи сериянинг энг сўнгги моделига ўрнатилаётган дастурий таъминот қанча туради, биласизми? 7 гигабайт!
Компьютер диагностика қилибгина қолмайди, балки реал вақт режимида телеметриянинг барча ўлчамларини ҳисоблаб чиқади. Фақат вертикал динамика контроллерининг ўзида барқарорлашув, марказдан қочирма куч, тезлашув ва ш.к.ни ҳисоблаб чиқиш функциялари бўйича минглаб мезонлар мавжуд. Ҳар қандай эҳтимолий вазиятлар ва ҳайдовчи хатолари ҳисоблаб чиқилади. Ҳайдовчи, аввало, хатога йўл қўйиши мумкин бўлган инсондир, BMW ҳайдаганда эса газни кўпроқ босиш янада мафтункор кўринади. BMW двигателининг овози баъзи ҳайдовчиларга «Акахон, газни босинг, боса қолинг» дегандек эшитиладими, деб ўйлайман. Мана шундай ҳайдовчилар автомобиль бошқарувини йўқотиб қўймасликлари учун муаммоли вазиятларда компьютер назоратни ўз қўлига олади.
Яқин беш йилда, менинг тахминимга кўра, дастурий таъминот ҳажми камида беш баробарга ортади. Бу эса компьютернинг ҳажми ҳам ортишига олиб келади. Ҳозирнинг ўзида сув билан совутилувчи янги процессорлар ишланмалари яратилмоқда. Умуман олганда, автомобиль бошқаришни тўлиқ автоматлаштириш — бу сароб эмас, балки яқин келажакдаги воқеликдир.
Изоҳ (0)