Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 22 июнь куни юз берган автобус ағдарилиши оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг қариндошларига етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Самара—Чимкент» йўлининг 946-километрида 22 июнь куни икки қаватли Mercedes автобусининг ағдарилиб кетиши оқибатида 52 киши, хусусан, 50 нафар Ўзбекистон фуқароси жабрлангани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.
Ҳодиса оқибатида тўққиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 17 нафари турли даражада тан жароҳати олган, беш нафари касалхонага ётқизилган.
«Ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар уларнинг оила аъзолари ва яқинларини хабардор қилиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг бўлимлари ва вилоят ҳокимликларига юборилди», — дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.
Изоҳ (0)