Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Нуронийлар масканида яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жойларда фахрийларнинг вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилмоқда. Фарғонадаги Нуронийлар маскани Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида барпо этилган.
Бу ерда кексалар учун зарур бўладиган барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ўзбек ва жаҳон адабиётлари билан бойитилган кутубхона, замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган спорт зали, тиббиёт хонаси, фитобар, чойхона нуронийлар хизматида.
«Моҳир ҳунармандлар қўлида сайқал топган айвонлар, нақшинкор устунлар ижтимоий марказ ҳуснига ҳусн қўшган», — деб ёзади ЎзА.
Президентимиз бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, хусусан, кексалар учун автобус ажратиш зарурлигини таъкидлади.
Нуронийларнинг ёшлар билан ишлашининг изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз маънавий барқарорлигини мустаҳкамлашда уларнинг ўрнини ошириш бўйича тавсиялар билдирди.
Изоҳ (0)