20 июнь куни Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017–2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилди.
Ҳужжатга келтирилган шарҳларда айтилишича, мамлакатда бугунги кунда юқори малакали ва юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизими шакллантирилган. Ушбу хизматлар аниқ ташхис қўйиш ва даволашнинг самарали усулларини, шу жумладан, юқори технологик диагностик ва тезкор аралашиш усулларини қўллаш имконини берадиган замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.
Шу билан бирга, мазкур соҳада аниқ ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган қатор тизимли масалалар мавжуд.
Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимининг вилоят ва туман даражаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантиришда сезиларли даражада қолоқлик кузатилмоқда. Минтақаларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга ташкилий-методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантиришда республика ихтисослаштирилган муассасаларининг роли пастлигича қолмоқда. Диагностика ва даволашнинг республика муассасаларида синовдан ўтган илғор юқори технологик усуллар вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига суст жорий этилмоқда. Тиббиётнинг ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича қўлга киритилган маҳаллий ва хорижий илмий ютуқларни вилоят ва туман тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш даражаси паст.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида республиканинг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман (шаҳар) даражасигача кенгайтириш, ҳудудий ихтисослашган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш учун республика ихтисослаштирилган марказларининг масъулиятини ошириш, уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.
Қарор билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Дастур доирасида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 60 миллиард сўм маблағ Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ва 97 миллион АҚШ доллари республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилади.
Изоҳ (0)