Эрон ва Ўзбекистон терма жамоаларининг ЖЧ—2018 саралашидан жой олган ўйини олдидан Самвел Бабаян ташаббуси билан боксчи ҳамда футболчилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берган.
6 июнь кунги учрашувда ўзбекистонлик боксчилардан Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Баҳодир Жалолов, Мурод Аҳмадалиев, Исроил Мадримов ва Элнур Абдураимов, шунингдек, мураббий Раҳматжон Рўзиоҳунов иштирок этган. Сўзга чиққан мураббий ва боксчилар футбол мухлиси эканликлари ҳақида айтиб, бўлажак ўйинлар олдидан футболчиларга омад тилаган.
ЎФФ матбуот хизматининг хабар беришича, тадбирда боксчилар футболчиларга Рио олимпиадаси ва Осиё чемпионатидаги ҳаяжонли дақиқалар, мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, ғалаба ва мағлубиятни тўғри ҳис қилиш каби мавзуларда гапириб берган.
Футболчилар номидан гапирган терма жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳам боксчиларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, бундан кейинги мусобақаларда ғалабалар бардавом бўлишини тилаган.
Мазкур учрашувдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида 2:0 ҳисобида зафар қучди. Олдинда уларни Эронга қарши 12 июндаги жиддий беллашув кутиб турибди.
Изоҳ (0)