Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев томонидан шахсан назоратга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввал хабар қилинганидек, 3 май куни Боровский номидаги тиббиёт коллежи 2-босқич талабаси — 1999 йилда туғилган Жасурбек Иброҳимов оғир тан жароҳати билан Тошкент шаҳар 2-сон болалар жарроҳлик шифохонасига ётқизилган ва олган тан жароҳатлари натижасида 1 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши 4 июнь куни Тошкент шаҳар прокуратураси иш юритувига қабул қилинган. Тўпланган далиллар мажмуи асосида Исломбек Тулаганов Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинди ва унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
«Ҳозирда жиноятга алоқадор шахслар доирасини аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Мавзуга доир:— Боровский коллежи ўқувчилари аёвсиз дўппослаган йигит вафот этди, марҳумнинг онаси Ўзбекистон Президентидан ёрдам сўради. Асосий маълумотлар— Жасурбек Иброҳимовнинг дўппосланишида иштирок этган Ислом Тўлагановнинг онаси: болам қонун олдида қилган иши учун жавоб берсин— Жасур Иброҳимовнинг ўлимида айбдорларни жазога тортишни сўраб уюштирилган петиция имзоланди. Дарё фоторепортажи
Изоҳ (0)