«Biznes-daily.uz» картошка муаммоси борасида ўз фикр-мулоҳазасини билдирган фуқаронинг мақоласини эълон қилди.
«Вилоятдан фермер танишим пойтахтга келган экан, телефон қилиб қолди. Учрашадиган бўлдик. Лекин 2-3 кун умуман вақти бўлмади. Ниҳоят учрашдик. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин гап ўз-ўзидан унинг Тошкентга келиш сабабларига бориб уланди.– Ҳисобимдаги бир неча миллион сўмни уруғлик картошкага ўтказиб юборишибди. Шунинг учун бу пулни қайтариб олиш учун келгандим. Иш битиши қийин экан, ҳали ҳам шу ерда ўралашиб юрибман, — деди фермер.
Маълум бўлишича, у ўз ерида картошка экмайди. Чунки қизил тупроқли ерда картошкадан юқори ҳосил олишига кўзи етмайди. Шунга қарамай, кимнингдир оғзаки буйруғи билан ҳисоб рақамидан анчагина пул уруғлик картошка олиш учун Тошкентдаги фирма ҳисобига ўтказиб юборилган.
Тошкентдаги саргузаштлар
Фермернинг сўзларига кўра, бу фирмадан уруғлик картошка олиш ёки пулини қайтариш илинжида келаётганларнинг кети узилмайди. Одам жуда кўп, навбат ҳам шунга яраша.– Ҳозир фермернинг иши бошидан ошиб ётибди, – дейди танишим. – Бу ёқда пахта чопиғи, буғдой ўримига ҳам тайёргарлик кўриш керак. Пилла териш ҳам шу даврга тўғри келиб қолганини қаранг. Агар пиллани ўз вақтида териб олмасак, у қуриб кетиб, камроқ тош босади. Бундан ҳам зарар кўрамиз.
Кейин танишим ўзининг пойтахтдаги «саргузаштлари»ни сўзлай кетди. Фирмага бориб, вазиятни ўрганса, пулни қайтариб олишдан кўра уруғлик картошка олиши осонга тушадиган, ҳам фойдалироқ. Фойдаси шуки, уруғлик картошкага талабгор кўп. Сўраб-суриштирса, ана шу талабгорлар пул ўтказган, лекин картошка экишни хоҳламайдиган фермерларни топиб, улардан уруғликни нақд пулга харид қилади. Фермер фақат фирма билан ўзаро ҳужжатбозликни қилиб бериши кифоя.
Аммо бу ҳам осон ҳал бўладиган жараён эмас экан. Одам шунчалик кўпки, танишимнинг айтишича, ўнлаб одам қоғоз кўтариб ҳали фирманинг идорасига югуради, ҳали омборхонага қараб чопади. Одам кўплигидан ур-йиқит бўлиб кетади. Идорага кириш бир азоб, омборхона эшигини тепа-тепа бир-икки киши кириб кетади, қолганлар яна асабийлашиб кутиб қолаверади.Омборхона олдидаги майдон ўнлаб юк машиналари билан тўла. Қўйлиқдаги улгуржи мева-чева бозорида ҳам бунча юк машинаси йўқ бўлса керак. Уларнинг омборхона дарвозасидан кириши ва юк ортиб чиқиши учун баъзан кунлар ўтади.
«Тадбиркор»лиги тутиб кетиб, картошкасини бошқа талабгорга ўтказиш ҳаракатига тушган танишим худди шу юқоридаги ҳолатлар сабаб уч кундан буён иши битмай келаётган экан.Суҳбатимиз энди қизиётган пайтда танишимнинг телефони жиринглаб қолди. Унинг уруғлик картошкасини сотиб олганлар бир амаллаб машинасини омборхонага киритибди, лекин у ҳужжатларга имзо қўйиб, муҳр босмаса, юкни ортишмас экан. Шунча кун навбат кутиб, омборхонага кирган машинани эса чиқариб юборишаркан.Анча вақтдан буён кўришмаганимиз учун биз танишим билан ҳали овқатланиб, анча вақт гурунглашишни режалаштиргандик. Қисқа учрашувимиз икковимизни ҳам қониқтирмагани сабабли у мени ҳам ўзи билан боришга таклиф қилди. Вақтим бемалолроқ экани учун у билан бирга уруғлик картошка сотадиган фирмага боришга кўндим.
Суҳбатдошлар ҳасрати
Таксида айтилган жойга етиб бордик. Танишим эса ўзидан уруғлик картошкани сотиб оладиганлар билан бирга омборхонага кириб кетди. Кўчада икки соатдан ортиқроқ кутишимга тўғри келди. Пайтдан фойдаланиб вазиятни ўргандим.
Ташқарида ўнлаб юк машиналари турарди. Гарчи фирма идораси олдидаги майдон анча катта, дарахтлар соясида ўриндиқлар ўрнатилган бўлса-да, одам ва машина кўплигидан булар етарли эмаслиги кўринади. Мижозлар машиналар соясида, дарахтлар остида навбат кутяпти.Баъзи мижозлар билан гаплашдим. «Келганимга икки кун бўлди. Пулни ўтказиб қўйганмиз, борамиз-у, юкни ортиб қайтамиз, деб ўйлагандим. Иш битиши қийин экан бу ерда. Икки кундан буён шу ерда машинада ётибман. Ҳовлидаги дарахтларнинг тагига жой солиб ётганлар ҳам кўп», – дейди бир суҳбатдошим.
У менга бир «Каптива»ни кўрсатди. Бу машинанинг эгаси шу ерда ин қурган «воситачи»лардан бири экан. «Воситачи»лар картошкага пул ўтказган, лекин унга эҳтиёжи бўлмаган фермерларга нақд пул бериб, уруғликни сотиб олар, шу ернинг ўзида ёки бошқа жойда уруғлик картошкага талабгорларга устамаси билан сотиб фойда кўраркан.– Масалан, фермер картошканинг килосига тўрт минг сўмдан пул ўтказган бўлса, булар 3 минг сўмдан нақд беради. Ўзлари кейин бошқа мижозларга 3,5-4 минг сўмдан сотади. Оддий фермер бундай «ўйин»ни билмайди. Воситачиларнинг иши тез битади, фермер эса кунлаб сарсон бўлиб ётаверади шу ерда, – дейди суҳбатдошларимдан бири.
Омборхонага кирган машиналарга уруғлик картошкани ортиб бериш учун ҳар тоннасига 10 минг сўмдан олинишини ҳам улардан эшитдим. Лекин «воситачи»ларнинг олди-бердисини ҳам, юк ортиб бериш учун пул олинаётганига ҳам шахсан гувоҳ бўлмаганим учун бу борада фикр билдиришдан тийилдим.Хуллас, анча вақтдан кейин танишим омборхонадан асабийлашиб чиқиб келди. Унга тегишли картошка машинага ортиб бўлинибди. Лекин ундан картошкани сотиб олганлар бошқалардан ҳам 5—6 тонна уруғлик олган, энди уларнинг ҳам ортиб бўлинишини кутиш керак экан.«Ҳамма юкни ортиб бўлгандан кейин юк хатига муҳр босиб бермасам машина чиқарилмайди. Шунинг учун яна озроқ кутиб турмасак бўлмайди. Шу билан 4 кунлик азобдан қутуламан», — деди танишим.«Озроқ кутиш»имиз яна 2 соатдан кўпроққа чўзилди. Ўша ерда қарийб 5 соат давомида турган бўлсам, омбордан юк ортилган 4—5 та машина чиқди, холос. Ташқарида эса ҳали яна ўнлаб машиналар навбат кутиб турганди...
Мулоҳаза ўрнида
Жорий йилда Ўзбекистон бозорларида картошка қиммат бўлди. Бир кило картошканинг нархи 6 минг сўмдан ошиб кетган пайтларни ҳам кўрдик. Эртаги картошка чиққанидан кейин нарх кескин тушишига бўлган умидлар ўзини унчалик оқламади. Ҳозир ҳам картошка қишдагига қараганда анча арзонлаган бўлса-да, ўтган йиллардагига солиштирганда нисбатан қиммат.Картошка нархининг осмонга чиқиб кетиши, табиийки, аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Ҳукумат бунинг олдини олиш мақсадида «Элга хизмат» корхоналари орқали арзон картошка сотишни йўлга қўйди. Тан олиш керакки, бу саъй-ҳаракатлар аҳоли эҳтиёжини қондириш, картошка нархини тушириш учун етарли эмаслиги сезилди.Қишдаги картошка тақчиллигини давлат идоралари ҳам расман тан олди. Хусусан, Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси раиси ўринбосари Нодирбек Раҳбаров бу тақчилликни ўтган йили об-ҳаво иссиқ келгани туфайли картошкага касаллик теккани ва яхши ҳосил олинмагани билан изоҳлади.Унинг сўзларига кўра, картошканинг барқарор нархини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 31 мартига қадар юртимизга хориждан 4 932 700 АҚШ долларига 14 минг 851 тонна картошка келтирилган.
Сир эмас, бозор иқтисодиёти шароитида монополист мақомидаги ҳар қандай компания ўзининг мавқеидан фойдаланиб, нархларни истаганидек белгилаш имкониятига эга бўлади. Бундан эса истеъмолчилар зарар кўради. Шунинг учун барча соҳаларда, хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари секторида ҳам рақобатни кучайтириш зарур.
Мавзуни ўрганиш давомида биз юқорида тилга олган фирма уруғлик картошка етказиб бериш соҳасида деярли монополист мақомида эканига амин бўлдик. Фирма вакили ҳам республика бўйича фақат шу фирма фермерларга хориждан келтирилган уруғлик картошка етказиб беришини тасдиқлади.Мазкур фирманинг уруғлик картошка билан таъминлашдаги хизматларини эътироф этган ҳолда деҳқонларнинг оғирини енгил қилиш, турли сарсонгарчиликлар, коррупцион схемаларга йўл очадиган сунъий ажиотажларни келтириб чиқаришга барҳам бериш зарурлигини таъкидламоқчимиз. Бунинг учун, фикримизча, бир неча муҳим қадамларни қўйиш керак.
Биринчидан, хориждан уруғлик картошка олиб келишда бирорта фирма ёки компаниянинг монополист бўлишига йўл қўйилмаслиги лозим. Бунинг учун шу иш билан шуғулланиш истагида бўлган барча талабгор компанияларга бир хил имконият ва шароит яратиб берилиши талаб этилади.
Иккинчидан, фермерларнинг розилигисиз уларнинг ҳисоб рақамларидаги маблағни монопол фирмаларга ўтказиб бериш амалиётидан воз кечиш зарур. Фермер картошка экиш ёки экмасликни, уруғликни қайси компаниядан олиш-олмасликни ўзи ҳал қилсин. Зеро, уруғлик картошка сотиш бозорида ўзаро рақобатчи компаниялар пайдо бўлгандан кейин деҳқонларда танлов имконияти кенгаяди.
Учинчидан, биз мавзуни ўрганиш жараёнида уруғлик картошка илинжида пойтахтдаги фирмага келганлар орасида водий вилоятлари, Жиззах, Самарқанд вилоятлари деҳқонлари кўплигига гувоҳ бўлдик. Демак, мамлакатимизнинг айни шу ҳудудларида кечки картошка уруғига талаб катта ва айнан улар бозорларимизни картошка билан таъминлашда асосий ўрин тутади. Шунга асосланиб, водийда ва Самарқандда (ёки Қаршида) уруғлик картошка етказиб берадиган йирик логистика марказлари қурилиши деҳқонларга салмоқли кўмак бўлади, дейиш мумкин. Қолаверса, бу фермерларнинг катта маблағи тежалишига ҳам олиб келади. Чунки улар пойтахтдан юк олиб кетиш учун жуда катта пул сарфлаши маълум. Бу эса маҳсулот таннархи ошишига олиб келади.
Юқорида билдирилган таклифлар ҳаётга татбиқ қилинса, ишонч билан айтиш мумкинки, бозорда картошка нархининг ошиб кетиши каби муаммолар кун тартибига чиқмаслиги кафолатланган бўлади».
Изоҳ (0)