Британиялик машҳур адиб ва олим, «Узуклар ҳукмдори» эпопеяси муаллифи Жон Толкиннинг (1892–1973) «Берен ва Лютиен» номли шу пайтгача нашр қилинмаган китоби дунё юзини кўрди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Китоб оддий инсоннинг ўлмас эльфлар авлодига мансуб қизга бўлган муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади.
Танқидчиларнинг сўзларига қараганда, янги китобда ўта шахсий воқеа баён этилади. Унда, шунингдек, Ўрта Ер афсона ва ривоятлари тўплами — «Сильмариллион»даги айрим лаҳзалар акс этган.
Янги китобга адибнинг 92 ёшли ўғли Кристофер муҳаррирлик қилди, расмларни Алан Ли яратди. У ўз вақтида Питер Жексоннинг «Узуклар ҳукмдори» кинотрилогияси яратилишига қўшган ҳиссаси учун «Оскар» мукофотига сазовор бўлган.
Атоқли тилшунос Жон Толкин умри давомида герман халқлари тиллари ва маданиятини ўрганиб келган. У англо-саксонларда эпос йўқлиги учун «Узуклар ҳукмдори» олами ҳамда у ҳақидаги китобларни яратишга қарор қилган. Бунинг учун йигирмадан ортиқ сунъий тиллар ишлаб чиққан. У яратган тиллардан бир нечтаси, жумладан, эльфларнинг синдарин ва квенья тиллари жаҳон университетларида ўргатилади. «Узуклар ҳукмдори» ва умуман Толкин ижоди ХХ аср маданиятига улкан таъсир кўрсатган.
Изоҳ (0)