Ҳар йили 7 миллиондан ортиқ одам тамаки истеъмоли билан боғлиқ хасталиклар туфайли оламдан ўтади. Чекиш билан боғлиқ йиллик иқтисодий йўқотишлар эса 1,4 триллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида айтилди, деб хабар беради «ТАСС».
Ҳисобот 31 май — Бутунжаҳон тамакисиз яшаш кунига мўлжаллаб чиқарилди.
Ҳужжатда таъкидланишича, инфекцион бўлмаган касалликларнинг 16 фоизи чекиш билан боғлиқдир.
Экспертларнинг фикрича, тамаки одамлар учун, шунингдек, миллий ва минтақавий ривож учун кўплаб қийинчиликлар туғдиради. Хусусан, энг камбағал оилаларда тамаки маҳсулотлари учун харажатлар кўпинча оилавий харажатларнинг 10 фоизини ташкил этади, бу эса овқатга, таълимга ва соғлиқни сақлашга камроқ пул қолади деганидир. Ташкилот маълумотига кўра, 860 миллион ёши катта чекувчи даромад даражаси паст ва ўрта бўлган мамлакатларда яшайди.
Бундан ташқари, тамаки экиш ва ўстириш ишида болаларнинг банд бўлиши оқибатида таълим соҳаси зарар кўрмоқда. Жумладан, тамаки далаларида ишловчи оилаларда 10–14 фоиз болалар дарсларга бормайди.
Изоҳ (0)