Филиппиннинг Минданао провинциясида «Мауте» гуруҳи жангарилари билан бир ҳафтадан буён давом этаётган тўқнашувлар давомида 34 киши, шу жумладан, полициячилар ва ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Мамлакат қуролли кучлари расмий вакили Рестито Падилланинг сўзларига қараганда, 19 нафар тинч аҳоли вакиллари экстремистлар томонидан қатл қилинган.
Тўқнашувлар давомида жами 11 нафар полициячи ва ҳарбий ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Филиппин қўшинлари Маравида ИШИДга садоқат изҳор қилган маҳаллий радикал гуруҳлар — «Абу Сайяф» ва «Мауте»га қарши операция ўтказмоқда. Минданао провинциясидаги террорчилар етакчиларидан бири Иснилон Хапилонни қўлга олишга ҳаракат қилгани туфайли бу ерда вазият мураккаблашиб кетди. Филиппин президенти Родриго Дутерте провинцияда фавқулодда ҳолат эълон қилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)