Женевада 22 май куни бошланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқори органи ҳисобланувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 70-сессиясида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.
Сессия кун тартибига кўра, 23 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига янги раҳбар сайланди. Бу лавозимга ЖССТга аъзо давлатлар томонидан эфиопиялик номзод, мазкур мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва ташқи ишлар бўйича собиқ вазири 52 ёшли Тедрос Гебреесус сайланди.
Янги раҳбар ўз ишини 2017 йилнинг 1 июлидан бошлайди.
Женева сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТнинг янги раҳбари Тедрос Гебреесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида Тедрос Гебреесус ўзи олиб борган сайловолди кампаниясида илгари сурган ғояларининг асосий қисми Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган устувор мақсадлар билан ўзаро мос келишини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёрлигини билдирди.
«ЖССТнинг янги раҳбарига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)