Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация шу йил 10—12 май кунлари Ўзбекистонда бўлди ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиндиЎзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов билан мазкур ташриф аҳамияти, натижалари ва тафсилотлари ҳақида суҳбат уюштирди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

—БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 1993 йили Иккинчи умумжаҳон анжуманида Вена шаҳрида қабул қилинган қарор асосида ташкил этилганини таъкидлаш лозим, — деди А.Саидов. — БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси мазкур халқаро ташкилот тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий орган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар ўзининг ҳуқуқий мақомига кўра БМТ Бош котибининг ўринбосари ҳисобланади. Бу юксак мартаба эгаси БМТ тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи шахсдир. Содда қилиб айтганда, Олий комиссар инсон ҳуқуқларининг дунёдаги биринчи ҳимоячиси саналади.

— Ҳозирги олий комиссар шахси ва фаолияти ҳақида қандай маълумотлар бера оласиз?

– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 4 йилга сайланади. БМТ Олий комиссари 1993 йилдан шу кунга қадар 7 марта сайланган. Зайд Раад ал-Ҳусайн еттинчи Олий комиссардир. У АҚШнинг Жонс Хопкинс университетида гуманитар фанлар бакалаври ва Буюк Британиянинг Кембриж университетида фалсафа доктори даражасини олган. Араб, инглиз ва француз тилларини билади. Иордания Ҳошимийлар давлати фуқароси, шаҳзода, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) авлодларидан.

Зайд Раад ал-Ҳусайн дипломатия соҳасида кўп йиллик катта амалий тажрибага эга. Иорданиянинг АҚШдаги элчиси, шунингдек, БМТдаги доимий вакили сифатида фаолият юритган. У халқаро ҳуқуқ, халқаро жиноий судлов, тинчликпарварлик операцияларини амалга ошириш ва ядровий терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мутахассисдир. 

Зайд Раад ал-Ҳусайн 2014 йил 1 сентябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари этиб тайинланган ва Осиё қитъасининг ушбу лавозимдаги илк намояндаси, қолаверса, мусулмон дунёсидан ҳам биринчи вакилдир. БМТ Олий комиссари сифатида 24 та мамлакатга ташриф буюрган. Ўзининг қатъий нуқтаи назарига эга бўлиб, аксарият давлат раҳбарларини ҳам жиддий танқид қилган. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташриф буюриши сўралган ҳукуматимиз таклифини Зайд Раад ал-Ҳусайнга жорий йил 1 мартида Женева шаҳрида бўлиб ўтган учрашувимиз чоғида топширган эдим. 

—Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Зайд Раад ал-Ҳусайн билан мулоқоти ҳақида сўзлаб берсангиз.

—БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари мамлакатга ташрифи давомида кўплаб музокаралар, хусусан, 10 та учрашув ўтказди. Албатта, энг муҳим учрашув Президент Шавкат Мирзиёев билан ўзаро самимий мулоқотидир. Ташриф якунлари бўйича маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган матбуот анжуманида жаноб Зайд Раад ал-Ҳусайн мамлакат раҳбари билан қарийб 1,5 соатлик мулоқотда жуда кўплаб масалаларда амалий келишувларга эришилганини эътироф этди.

– Давлат раҳбари учрашув давомида айнан қайси масалаларга эътибор қаратди?

 — Президент биринчи навбатда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича ёндашувларининг асосий нуқталарини баён қилди. Бунда инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистоннинг асосий мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришдан иборат бўлиб, халқнинг бу онгли танлови миллий манфаатларимизга тўлиқ жавоб беради.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали қонунчилик тизими яратилган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан бир қаторда 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонун қабул қилинган. Мамлакатда Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга асос солинган. Хусусан, 1995 йилда Парламент Омбудсмани лавозими жорий этилди. У инсон ҳуқуқларига оид масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича кўплаб ваколатларга, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ўз вакилларига эга. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ фаолият кўрсатаётанига 20 йилдан ошди.

Яқинда тасдиқланган ва моҳиятига кўра БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг «йўл харитаси»га айланган «2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришни такомиллаштиришга доир яқин истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар дастури белгиланди.

Жорий йил мамлакатда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йили, деб эълон қилинди. Одамларнинг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жойларда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Шунингдек, Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси очилди. Президент девони таркибида инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи учта янги тузилма ташкил этилди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм – Бизнес-Омбудсман тузилди.

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда Олий Мажлис палаталари фаол иштирок этмоқда. «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида жорий йилда қарийб 50 та қонун ҳужжати қабул қилинади. Шу жумладан, ички ишлар идоралари, коррупцияга қарши курашга доир қонунлар аллақачон амал қилмоқда. Парламент назорати изчиллик билан жорий этилмоқда. Ҳукумат аъзолари парламентга ҳисобот бермоқда. Депутатлар ҳар ойда 10 кун жойларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганмоқда.

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинган. «Хабеас-корпус» институти босқичма-босқич жорий этилмоқда. Мамлакат маҳкумлар энг кам давлатлар қаторига киради. 

Судьяларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши жорий этилди. Судьялик муддатларига қатъий аниқлик киритилди. 

Ўзбекистонда очиқ фуқаролик институти ривожланмоқда. Мамлакатда 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг ўнта шартномасига қўшилган. Бугунги кунда ушбу ҳужжатларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан яқин ҳамкорликда кўрилган таъсирчан чоралар туфайли болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш иллатига барҳам берилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва қадриятларини тан олиши ҳамда ўзининг халқаро манфаатларига содиқ эканининг ёрқин ифодасидир.

Президент ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашиш асносида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича барча йўналишларда Олий комиссар бошқармаси ва унинг минтақавий офиси билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Хусусан, давлат раҳбари «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида, биринчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва қонун устунлигини таъминлаш, иккинчидан, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни янада яхшилаш, учинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий институтларни мустаҳкамлаш, тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш каби устувор йўналишларда ўзаро ҳамкорликка шайлигини маълум қилди.

– БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Президент қабулида ва бошқа учрашувларда асосан қайси мавзуларга урғу берди?

 Бу ҳақда сўз борганда, албатта, Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик изҳор этганини қайд этиш лозим. Шунингдек, юксак мартабали меҳмон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилгани ниҳоятда муҳим.

Бошқа учрашувларда ҳам Ўзбекистон ва БМТ институтлари, жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида томонларда ўзаро қизиқиш мавжудлиги қайд этилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Олий комиссар Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ҳаракатлар стратегияси» жуда жиддий ва ёрқин дастур эканини алоҳида таъкидлади. Унда БМТ ғоялари, инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўз ифодасини топганини қайд этди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари иштирокида бўлиб ўтган тадбирларда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган бошқа олий қадриятларни ҳимоя қилишга оид масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. «Ҳаракатлар стратегияси»да назарда тутилган чора-тадбирлар ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки, коррупцияга қарши курашиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш конвенциясини ратификация қилиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси каби қатор масалаларга эътибор қаратилди.

Энг муҳими, барча учрашув ва мулоқотларда Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга ташрифидан кўзланган асосий мақсад ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат эканини, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.Олий комиссар Ўзбекистонда қабул қилинаётган ҳар бир янги қонун ҳужжати инсон ҳуқуқларига тааллуқли халқаро стандартларга мувофиқлик жараёнидан ўтишини юқори баҳолади. У, шунингдек, сўнгги 8 ой мобайнида давлат раҳбари ташаббуси билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар, фармон ҳамда қарорлар қабул қилинганини эътироф этди.

Шунингдек, Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистондаги халқ билан мулоқот, коррупцияга қарши кураш ҳамда сўз эркинлиги борасида олиб борилаётган ишларнинг таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Ҳукуматнинг амалга оширилаётган ишлар бўйича мониторинг олиб боришига эътибор қаратиб, бу ҳам мамлакатда шаффоф муҳит яратишдаги муҳим ижобий жиҳат эканини қайд этди. 

Бундан ташқари, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини, жумладан, чегараларни белгилаш сингари нозик масалаларда амалий натижаларга эришилаётганини юқори баҳолади.

— Ташриф якунлари бўйича қандай амалий натижаларга эришилди?

 Ўзбекистон БМТ Олий комиссари бошқармаси билан қуйидаги йўналишларда изчил ҳамкорликни амалга ошириши ҳақида келишиб олинди:

биринчидан, «Ҳаракатлар стратегияси»да белгиланган вазифаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш ва ёрдам бериш;

иккинчидан, инсон ҳуқуқларига оид, шу жумладан, хотин-қизларнинг тенглигини амалда таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш борасида ҳамкорлик қилиш;

учинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тадбирлар – турли анжуманлар, давра суҳбатлари ўтказиш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини такомиллаштириш, бу борада ўқув қўлланмалари, рисолалар ва дастурлар билан ёрдам бериш;

бешинчидан, Олий комиссарнинг Минтақавий офиси билан ҳамкорлик ўрнатиш;олтинчидан, БМТнинг махсус механизмлари, айниқса махсус маърузачилари ва шартномавий органлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;

еттинчидан, БМТнинг Умумий даврий ҳисоботи доирасида ҳамкорлик қилиш;саккизинчидан, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва уларга муқобил маърузалар тайёрлашда амалий ёрдам бериш;

тўққизинчидан, Ўзбекистон мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш;

ўнинчидан, БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларини, жумладан, Ногиронлар тўғрисидаги конвенцияни, Қийноқларга қарши конвенциянинг факултатив протоколини ратификация қилиш;

ўн биринчидан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.

— БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи қандай амалий аҳамиятга эга, деб ўйлайсиз? 

 Аввало, бу БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мамлакатимизга илк ташрифидир. Бу, том маънода, тарихий ташрифдир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу ташриф ғоят юксак даражада ўтди.Зайд Раад ал-Ҳусайн жанобларининг ташрифи Ўзбекистон раҳбарияти билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида ўзаро тушуниш ва интилишлар муштараклигини тасдиқлади. Мазкур ташриф амалий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар ва йўналишлар очди. Айниқса, ушбу ташриф Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янги, юксак босқичга кўтаргани билан улкан аҳамият касб этади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар