Ўзбекистон миллий банки Ягона умумреспублика процессинг маркази ва Qiwi тўлов тизими билан биргаликда янги хизматни ишга туширмоқда. Унинг ёрдамида Россия ҳудудидан туриб UzCard пластик карталарига АҚШ доллари тушириш мумкин бўлади, деб хабар беради UzNews.
Миллий банк матбуот хизматининг билдиришича, ушбу хизмат асосан Россия ҳудудида ишлаб, Ўзбекистонга пул ўтказаётган фуқароларга мўлжалланган.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун UzCard сўм карталарида валюта ҳисоби очилиб, у ерга Россиядан рублдаги ҳисобланган пул келиб тушади ва Qiwi тўлов тизими курси бўйича долларга ўтказилади. Долларни эса Ўзбекистон ҳудудидаги махсус терминалларда нақдлаштириш мумкин бўлади.
Ушбу лойиҳа мижозларнинг пластик карталарига пул маблағлари онлайн тизимда банкнинг иш вақти ва иш кунидан қатъий назар келиб тушишини таъминлайди.
«Айни пайтда лойиҳа якуний босқичда турибди, айрим ишларгина қолди. Янги хизмат бир ой ичида ишга туширилиши режалаштирилмоқда», — маълум қилди банк вакили.
Изоҳ (0)