2017 йил 5 май куни Президент қарори билан қабул квоталари тасдиқлангани жорий йилги қабул мавсумини расман очиб берди. Мазкур қарор асосида бир қанча янгиликлар ва ўзгаришлар киритилди. Ушбу янгиликлар ҳақида «Xushnudbek.uz» қисқача маълумот берди.
- Квоталар 8409 тага кўпайган ва жами 66316 нафар талаба қабул қилинади;
- Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида махсус сиртқи бўлим очилди. Ўз навбатида, Тошкент кимё-технология институтининг (Қўнғирот бўлими) махсус сиртқи бўлими ёпилди;
- Жорий йилдан тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкин. Фақат бунинг учун абитуриент камида 68 балл тўплаган бўлиши лозим. Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланади. Ҳозирча контрактнинг нархи маълум эмас. Шунингдек, қўшимча контракт ўрни ҳам чекланган бўлади, 68 баллдан оширган барча абитуриентлар ҳам қабул қилинавермайди;
- Тиббиёт олийгоҳлари эндиликда давлат гранти асосида ҳудудларга тақсимланган квота билан талаба қабул қиладиган бўлди;
- Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлими ушбу йилдан бошлаб ёпилди. Улар энди талаба қабул қилмайди;
- Тошкент давлат стомотология институтининг ҳудудлардаги барча филиаллари, хусусан, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Нукус филиаллари ёпилди. Бунинг эвазига аввалгидек ҳудудлардаги тиббиёт институтларида «Стоматология» факультетлари қайта ташкил этилди;
- Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалига яна талабалар қабул қилиш бошланди. Ўтган йили ушбу филиал учун квота ажратилмаганди;
- Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг филиаллари очилди. Энди шу иккала университетда ўқимоқчи бўлган абитуриентлар Термиз шаҳридаги филиалларда ҳам таҳсил олиши мумкин;
- Наманган муҳандислик-педагогика институтининг номи Наманган муҳандислик-қурилиш институти дея ўзгартирилди.
Изоҳ (0)