Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган қатор чора-тадбирлар давомида «Тошкент-товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан хусусий тадбиркор А.Мирзабдуллаев номига келтирилган канцелярия маҳсулотларини божхона кўригидан ўтказиш давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 39 турдаги салкам 850 минг дона турли хил канцелярия товарлари борлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, қиймати 300 миллион сўмдан ортиқ бўлган мазкур канцелярия товарлари далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилди.
Шунингдек, мазкур бўлим ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Олмазор туманида олиб борилган тезкор тадбир натижасида фуқаро А.Набиевнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида хорижда ишлаб чиқарилган салкам 70 минг дона ҳар хил турдаги қиймати 320 миллион сўмлик телефон аксессуарларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақланаётганлиги маълум бўлди.
Таъкидлаш жоиз, 2017 йилнинг биринчи чораги давомида Ўзбекистон божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 3200 дан ортиқ божхона қоидабузарликлари аниқланиб, қиймати 16,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)