Anhor.uz Россияда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Аминов билан иккинчи бор суҳбат уюштирди. Унинг биринчисини шу ҳаволада ўқиш мумкин.
Қуйида ўша интервью борича тақдим этилади. Унда Аминов нафақат Ўзбекистон, балки МДҲнинг бир қатор мамлакатларидаги футболдаги аҳвол ҳақида ҳам маълум берган.
Ҳокимиятни мерос сифатида олиш — йўқликка олиб борувчи йўл
— Яқиндагина сиз ўзбек футболи борасида танқидий интервью бериб, унинг муаммолари тизимли ҳарактерга эга экани ҳақида айтиб ўтгандингиз. Нима деб ўйлайсиз, ўша танқидлардан кейин нимадир ўзгариши мумкинми? Футбол жамоатчилиги ёки ҳокимият тепасидагилардан реакция кутяпсизми?— Ҳозирча реакция йўқ. Бу шундан дарак бермоқдаки, жамоатчилик тизимли муаммоларни муҳокама қилишга тайёр эмас. Бунинг ҳайрон қоладиган ери ҳам йўқ, футбол субъектлари ва ЎФФ қарашлари бир-бирини инкор қилиб келади. Чунки деярли барча катта ўзгариш ва қарорлар шахсан федерация президенти томонидан қабул қилинади.
Бунда яна ўша фикримни такрорлайман, ЎФФ фаолиятини демократик тамойиллар ёрдамида шакллантириш, уни профессионализм, шаффофлик ва бамаслаҳат қабул қилинадиган қарорлар билан бошқариш мамлакат футболини оёққа турғазиши мумкин.
— ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ўзига ўринбосар сифатида ўғли Жаҳонгир Усмоновни (футзал ассоциацияси президенти) кўраётган бўлиши мумкин деган хаёл келади...
— Бу сизни ҳайрон қолдирадими? Мени эса йўқ. МДҲ мамлакатларининг деярли барчасида футбол федерацияларидаги бошқарув тизими бир-биридан катта фарқ қилмайди. Бунда қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик ёки энг камида ўзи билан ҳамфикр бўлган яқинларнинг юқори лавозимда бўлиши кўзга ташланади. Ўз вақтида Қозоғистон футбол федерациясини Назарбоевнинг марҳум куёви бошқарарди, энди эса бошқа бир қариндоши. Тожикистонда футболга мамлакат президентининг ўғли жавоб беради, Озарбайжонда «Сокар» давлат нефть компанияси раҳбари, Россияда эса президент Путиннинг дўстлари. Беларусь ва Туркманистонда ҳам деярли шундай вазият.
ЎФФ президентининг 11 йиллик фаолияти ўрганиб чиқилса, унда ижодий ўзгаришлар қаторида салбий ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Масалан, ЎФФнинг молиявий ва хўжалик ишлари мустақил аудит тизимига эга бўлганида, ёмон бўлмасди. Аҳир федерация хусусий компания эмас, жамоатчилик ташкилоти. Бунинг учун эса, албатта, қарорлар ҳамжиҳатликда қабул қилиниши лозим, раҳбариятнинг сирли методларига кўра эмас.
Истеъдодларни қидирмоқдамиз, афсуски, топа олмаяпмиз…
— Сизнингча Жаҳонгир Усмонов футбол федерациясини бошқара олмаслиги мумкинми? Аҳир футзал ассоциацияси мақташга арзигулик ишлар қилди-ку?— Баъзи мутахассислар футзал термасининг Жаҳон чемпионатига чиқа олганига юқори баҳо бериб, мамлакат футзал ассоциациясининг раҳбарлик фаолиятини ижобий деб билади. Чунки бош жамоа муваффақияти ҳар қандай федерация фаолияти учун наъмунали натижадир.
Бироқ бу натижани юқори деб бўлмайди. Чунки, 2016 йилги мундиал учун Осиё қитъасига шу вақтгача бўлган энг катта квота — бешта ўрин берилганди. Яъни, терма жамоа олдидаги вазифа жуда жўн эди: Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионатида бешликка кир ва Жаҳон чемпионатига бор. Бунга қадар Тошкентда ўтган аввалги икки қитъа чемпионатида Ўзбекистон термаси финалга қадар етиб борганди. Демак, бу сафар ҳам шуни такрорлай олиши қийин эмасди.
Мундиалга бориш Ўзбекистон терма жамоаси учун фақатгина минимум вазифа. Аҳир кичик Усмонов ташаббуси билан термада олти йилдан буён чет эллик мутахассислар ишлайди.
— Унда максимум вазифа қандай?
— Ҳеч бўлмаганда Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан чиқиш. Колумбиядаги қуръа Ўзбекистон учун омадли келса-да, Ўзбекистон ҳатто Панамага ютқазиб, гуруҳда охирги ўринни эгаллади.
— Яъни, футзал муваффақиятлар бобида катта футболдан у қадар ўзиб кетмаганми?
— Футзал ассоциацияси сўнгги ўн йил давомида футзалнинг мамлакатдаги ривожи учун ҳеч нарса қилмади. Шунга кўра чемпионат ва кубок ўйинлари босқичли усулда ўтказилмоқда, асосан Тошкентда. Яъни, вилоятлардаги ишқибозлар ўз жамоасини йиллаб кўрмайди. Пойтахт клублари эса уларни рад этади. Агар сен бу тизим доирасида ҳар куни залга чиқсанг, машғулот жараёни ҳақида яна қандай гап бўлиши мумкин? Футзалчи ўзини қайта тиклаб олишига, клублар тактикасини ривожлантиришга фурсат топа олмайди.
— Сизда бирор-бир ижобий мисоллар топиладими бунга?
— Мисоллар кўп. Масалан, Россияда чемпионат ўйинлари марказдан четда ўтказилади. Тур ўйинлари дам олиш кунлари бўлиб ўтади. Бунда мухлис ўзи учун қулай пайтда ўйин кўриш учун келиши, жамоалар эса ҳафта давомида ўз ўйинини такомиллаштириб бориш имкониятига эга бўлади.
Менга Россия ва Ўзбекистон клубларининг молиявий имкониятларини таққослаб бўлмайди, деб эътироз билдиришлари мумкин. Хўп, яхши. Бироқ қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам чемпионат шу қолип бўйича бўлиб ўтмоқда-ку. Нега улар молиявий танқисликдан нолимайди? Шунинг учун ҳам ОФК юқоридаги давлатларда футзалнинг ривожланиб бораётганини тан олди ва уларга клублар ўртасиадги қитъа чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини берди.
Биздаги бу каби тизим спортнинг жозибали турига ишқибозлар ва иштирокчилар қизиқишининг пасайиб кетишига олиб келади. Футзал ассоциациясида эса тўлақонли мураббийлик мактаби ҳам, техник ривожланиш стратегияси ҳам йўқ. Демак, қолоқ ассоциацияси раҳбарининг янада каттароқ ташкилот тепасига келиб, бирданига ижобий ўзгаришлар қилиб юборишига ишониш қийин.
Шу касбга алоқадар одамлар ЎФФ ва ЎФА раҳбарлари орасидаги қариндошлик ришталари ва бунинг тарихи ҳақида яхши билади. Айтганча, ЎФАни фақатгина Усмоновнинг ўғли бошқармайди. Унга ЎФФ терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновнинг ўғли Рустам Толибжонов ҳам ёрдам беради. Унинг фаолияти борасидаги фикрларда ҳам қатор сўроқлар мавжуд.
— Сизнингча, Ўзбекистон футбол федерациясига президент танлаш тизими қай йўсинда самарали бўлади?
— Қайтаришга мажбурман, афсуски, МДҲ мамлакатларида футбол тўғридан-тўғри ҳукумат билан боғланган, аниқроғи, чирмаб ташланган. Унда жамоат ташкилотида бўлиши шарт бўлган масалалар: айтайлик, қарор қабул қилиш, президент сайлаш, футболни молиялаштириш кабилар ҳукумат тузилмаларининг аралашувисиз ҳал бўлмайди.
Албатта, бу бир нечта босқичдан иборат, аммо Ўзбекистонда асосий аниқловчи барибир давлатнинг ўзи. Тажрибадан маълум-ки, бу футбол соҳасининг тўғридан-тўғри таназзули демакдир. Агар мамлакат раҳбарияти спорт федерацияларини ислоҳ қилишдаги тўлақонли ўзгаришларга тайёр бўлмаса, унда камида барча спорт турларининг аҳволини таҳлил қилиш даражаси устида ишлаши лозим.
— Мамлакат президентининг турли соҳаларни назорат қилувчи, шу жумладан, жисмоний тарбия ва спорт масалаларидаги у ёки бу муаммога биринчи бўлиб эътибор қаратувчи ёрдамчилари бор. Наҳотки бу тўғри қарор қабул қилиш учун етарли эмас бўлмаса?!
— Ҳозирги замонавий жамиятда жисмоний маданият ва спортнинг ўрни ҳаддан зиёд юқори. Фуқароларнинг фаол жисмоний машқлар билан машғул бўлиши, миллат саломатлиги билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида мамлакатнинг иқтисодий кўраткичларига ва давлатнинг рақобатбардошлигига таъсир ўтказмай қолмайди.
Давлат ички сиёсатида саноат ривожланиши устувор вазифалардан бир бўлиши лозим.Риода бўлиб ўтган Олимпиада Ўзбекистон тарихидаги энг яхшисидир. Муваффақиятлар шуни кўрсатмоқдаки, миллий спорт ривожланмоқда. Аммо медаллар рўйхатига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг ярмидан кўпи индивидуал спорт турларида қўлга киритилди. Олимпия ўйинларида спортчиларимиз енгил атлетика, сузиш каби спорт турларида совринли ўринларга яқин ҳам келишмаган, жамоавий спорт турларида эса камдан кам қатнашишган. Бу энг оммабоп спорт турлари оқсашда давом этаётганини кўрсатади. Бунга сабаблар кўп, аммо улардан энг асосийси — жисмоний тарбия ва спорт тизимида йўл қўйилган камчиликлар ҳисобланади.
Давлат ва спорт ташкилотлари ўртасида самарали механизмнинг мавжуд эмаслиги, давлат компаниялари ва клублар тасарруфидаги бюджет маблағларининг назоратсиз сарфланиши, жамоавий спорт турлари ривожланишининг устувор йўналишлари йўқлиги, спорт ҳамжамияти билан узвий алоқа мавжуд эмаслиги — буларнинг ҳаммаси — мамлакат раҳбариятига кўплаб спорт турларида бўлгани каби футболда ҳам муваффақиятсизликларнинг сабабини баҳолаш учун имкон бермайди.
— Сиз Россияда футболни ривожлантириш дастурининг муаллифи ҳисобланасиз. Уни ўзингиз учун қадрдон бўлган Ўзбекистонда ҳам тадбиқ қилиш истаги йўқми? Балки энди ЎФФ президентлиги учун ҳам ҳаракат қилса бўлар?
— Ўзбекистон футболини ривожлантириш учун мен сўзсиз тайёрман. Бироқ ЎФФ ёки мен икки бор ҳаракат қилган RFI президентлиги мен учун устувор вазифа бўлмаган. Сиз айтаётгандек дастурларни муваффақиятли амалга ошириш учун у қанчалик яхши бўлмасин, бунга давлат томонидан шароит ҳам бўлиши керак. Муҳими ҳаммада унга қизиқиш, якдиллик бўлсин. Бу йўлда бирлашиш эса муаммолар учун ечим бўла олади.
Бунда бир нарсани айтишим керак, RFI президентлиги учун тайёрлаган дастурим фақатгина менинг меҳнатим эмас. Бунда ташкилотдаги футболни ривожлантириш қўмитасидаги кишилар ва яна бир қатор бошқа мутахассисларнинг меҳнати ётибди. Бундай катта ишни бир кишининг ўзи ҳеч қачон ёза олмайди, уни амалга тадбиқ қилишда бу ҳақиқат икки баробар яққол намоён бўлади.
— RFI учун рақобат сизда ўхшамади. Нега?
— Сўнгги 12 йил Россия футболи учун осон кечмади. Бир томондан нефть нархининг ошиши сабаб пул кириб келиши кўпайгандек бўлди. Бироқ улар барибир футбол учун фойдали бўлмади.
RFI президенти Виталий Мутко ўзидан чиқмайдиган ҳар қандай ташаббусга эътиборсизларча муомалада бўлди. У бошқарувни тўлиқ қўлга олиб, мамлакат футболининг ривожланиши дастурини амалга оширишга, минтақаларда мутахассислар тайёрлаш тизимининг қониқарли ишлашига имкон бермади. Бироқ айтингчи, шундай чексиз ҳуқуқлари бор бўлган инсон давридаги 10 йилда Россия футболи қандай ривожланди?
Миллий терма жамоанинг жаҳондаги рейтинги тушиб кетди, лигалардаги рақобатда ўсиш кўзга ташланмади, спортни фан сифатида ўрганиш сусайиб борди, болалар мураббийларини ўқитиш масалалари ортга кетди. Давлат ажратаётган пуллар шу соҳаларнинг ривожланиши учун эмас, бошқа мақсадларга йўналтирилди. Бунда ўзбек футболи Россиядан ўрнак олиши керак эмас. Бу борада немис модели ривожланишнинг энг самарали усули эканини бугун ҳамма билиб бўлди.
ФИФА ҳаракатга тушди
— Сиз МДҲнинг кўплаб мамлакатларига хос тизимли муаммоларга сабаб фақатгина ҳукумат ёки футбол субъектлари эмас деб бир неча бор айтгандингиз...— Бу айни ҳақиқат. Ўз устави нормаларига доим ҳам амал қилмайдиган ФИФА раҳбариятининг позицияси ҳам бу масалада салбий рол ўйнайди. Бундан ташқари, ФИФА юрисдиксияси органлари регламентида камчиликлар бор. Масалан, манфаатлар тўқнашуви ва давлат аралашуви белгилари мавжуд бўлган ассоциация президенти сайловида Этика қўмитасининг позицияси мавҳум.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, сўнгги 12 йил ичида ФИФА Россия футболи учун сайловларда ўз нормаларига амал қилмади. ФИФА ўз хатоларини қийинчилик билан тан олади, шунда ҳам унинг позицияси доим ўзгариб туради.
2017 йилнинг 10 мартида RFI президенти ФИФА Кенгаши аъзолиги учун номзодлар рўйҳатига қўйилмади. Чунки у сиёсий нейтраллик ва ҳар қандай шаклдаги давлат аралашувининг олдини олиш билан боғлиқ принципларни бузган. Шу тариқа, ФИФАнинг битта қўмитаси менинг тафтиш қилиш бўйича комиссияга берган аризам ҳақлигини тан олди. Энди RFI президентлиги учун ўтказилган сўнгги сайловнинг ҳақиқий эмас деб тан олингани борасидаги ҳуқуқий асосни кутиш қолди.
Афсуски, Россия жаҳон ва Европа футболидан ортда қолмоқда. Мамлакат мундиал мезбонлиги олдидан ФИФА ва УЕФАда вакилсиз қолди. Энди у дунё футболида юз бераётган воқеаларга таъсир ўтказиш имкониятидан маҳрум. Ривожланиш бўйича ҳал қилувчи қарорни ФИФА кенгаши ва УЕФА ижро қўмитаси қабул қилади.
Виталий Мутконинг ўзи эса жаҳон спорти ареналаридан бутунлай четлатилди. Бунга Бразилиядаги Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги исбот бўла олади. Жаҳон спорти тарихида қиёси йўқ ҳодиса.
Авторитар тизим соясида Россия футболининг бошқарув принципларини ўзгартириш жуда қийинлигини яхши тушунаман. Бироқ Россияда умид бутунлай сўнгани йўқ. 250 миллион аҳолиси бўлган бу мамлакат Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатларининг жаҳон футболи билан кўприги вазифасини бажариши мумкин бўлган улкан бозор эканлигини эслатиш жоиз.
RFI президентлиги айтганингиздек ўхшамаган бўлса-да, охирги икки йил давомида мен халқаро фаолиятга кўпроқ вақт ажрата бошладим. 30 та мамлакатда бўлиб, Европа футбол федерациялари ва лигалари раҳбарлари, конфедерациялар ва ассоциациялар раҳбарлари, ФИФА ва УЕФА раҳбарияти билан учрашувлар ўтказдим. Бунда жаҳон футболидаги муаммолар моҳиятини чуқурроқ англаб етишга ва шу билан бирга, уларнинг ечими учун реал йўлларни топишга уриндим.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)