Ливиянинг нефть захиралари мамлакатни қайта тиклаш учун зарур ва халқаро ҳамжамият улар талон-тарож қилинишига йўл қўймаслиги керак. Бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Хейли Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«БМТ ва Ливиянинг халқаро шериклари Миллий бирдамлик ҳукуматига мамлакат ресурсларини бошқаришда кўмак бериши лозим. Ҳукумат ливияликлар кундалик эҳтиёжларини қондира олиши учун маҳаллий нефть саноатини ҳимоя қилиш талаб этилади. Гуруҳлар нефтни олиб чиқиб кетаётганида Ливиянинг келажагини ўғирлаган бўлади. Бу ресурслар Ливиянинг вайрон бўлган иқтисодиётини тиклаш учун зарур. Халқаро ҳамжамият ҳукумат ва Миллий нефть корпорацияси билан ноқонуний операцияларга чек қўйиш учун яқин ҳамкорликда ишлаши лозим», — дея таъкидлади Никки Хейли.
Ўтган йил сентябрида Триполидаги ҳукуматга бўйсунмайдиган Ливия миллий армияси Сирт кўрфази қирғоғидаги экспорт билан шуғулланадиган барча асосий портлар устидан назорат ўрнатганди.
Маълумот учун, мамлакатда 5 йил аввал бошланган урушга қадар Ливия дунёда нефть экспорти бўйича 12-ўринда турарди. Охирги 3,5 йилнинг ўзида тармоқнинг тўлақонли фаолият кўрсатмагани оқибатида кўрилган зарар 100 миллиард доллардан ошди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)