Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон—Хитой бизнес форуми 19 апрель, чоршанба куни ўз ишини бошлади. Бизнес-форумнинг очилишига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов ва ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе бошчилигидаги икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва ишбилармон доиралари иштирок этди.
19—21 апрель кунлари Халқаро бизнес марказида бўлиб ўтадиган форум доирасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. Учрашувлар давомида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини молиялаштириш манбалари ва кўрсаткичлари муҳокама қилинади.
Хитой томонидан бизнес-форумда металлургия, тоғ-кон саноати, энергетика, қурилиш, транспорт, телекоммуникация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошираётган компания ва концернлар иштирок этмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси барқарор ўсиш суратларини кўрсатмоқда ва товарлар номенклатураси кенгаймоқда. 2016 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси 4,7 миллиард долларни ташкил қилган, 2017 йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.
Мазкур биснес-форум икки мамлакат ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг намунаси бўлиб, Ўзбекистон Президентининг ХХРга май ойида амалга оширадиган давлат ташрифи олдидан ҳамкорликнинг амалий натижаларини кўрсатади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)