Россиялик сайёҳ Владимир Черников Хитойда жойлашган Евросиёнинг етиб бўлмас қутбини забт этмоқчи. Бу ҳақда Россия география жамиятининг Сибирдаги экспедиция маркази сайтида маълум қилинди.
Россиялик эркак Евросиёнинг Қозоғистондаги марказидан старт олиб, Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур чўлигача етиб боришни режалаштирмоқда. Урумчидан 320 километр узоқликда одам қадами етмас қутб жойлашган.
Ушбу жой транспорт йўлларидан узоқда бўлгани ва Евросиёдаги етиб борилиши энг қийин жой бўлгани учун ҳам шундай аталади. Бундан ташқари, қутб океанлардан энг узоқда – қирғоқдан 2645 километр узоқликда жойлашган.
Тахминларга кўра, Черников йўлнинг катта қисмини велосипедда босиб ўтади. Экспедиция май ойида старт олиши кўзда тутилган.
Етиб бўлмас қутблар концепцияси канадалик тадқиқотчи Вилялмур Стефанссон томонидан 1920 йили киритилган. Евросиёда етиб бўлмас қутб халқаро экспертлар томонидан 2007 йили аниқланганди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)