Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди, деб хабар беради Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан шу йилнинг 1—9 апрель кунлари туманда ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Ўрганишлар якуни туманда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талайлигини кўрсатиб берди. Жумладан, туманда 2017 йилнинг 1 апрель ҳолатига рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 857 та бўлиб, шундан 97 таси турли сабабларга кўра ишламаяпти.
Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликлари ерларидан оқилона фойдаланиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Бугунги кунда туманда бор-йўғи олти нафар оилавий тадбиркор ва 36 нафар ҳунарманд фаолият юритмоқда.
Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланди. Аксарият қишлоқ врачлик пунктларида умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман олганда, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 134 врач-мутахассис, шу жумладан 50 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф-тавсиялар берилиб, туман ҳокимининг ўринбосарларидан, вилоят «Сувоқова» корхонаси, «Миллий банк» ва «Агробанк» туман филиаллари, туман ободонлаштириш бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази, давлат солиқ инспекцияси раҳбарларидан юксак масъулият билан ёндадиш талаб қилинди.
Сессияда қатнашган Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқиб, тумандаги барча даражадаги мутасаддилар ва депутатларнинг масъулиятини ошириш, халқнинг тинчлиги ҳамда саломатлигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиш, таълим, айниқса мактабгача таълим муассасаларига бўлган эътиборни кучайтириш, ҳарбий хизматдан қайтган ёшларни ишга жойлаштириш, аҳоли мурожаатлари ва улар томонидан кўтарилаётган ҳар қандай масалага асло бепарво бўлмаслик лозимлигини таъкидлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!