АҚШ қуролли кучларининг Суриянинг Хомс провинциясидаги аэродромга ракета зарбалари «қуролли террорчилик гуруҳларининг мақсадлари» йўлида хизмат қилади. Бу ҳақда ушбу провинция губернатори Талал Баразий телеканаллардан бирига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
«Сурия раҳбарияти ва Сурия сиёсати ўзгармайди», — деди Талал Баразий. «Бу биринчи зарба эмас, ва мен бу охиргиси ҳам бўлмайди, деб ўйлайман», — дея қўшиб қўйди у.
Губернатор айтишича, АҚШ зарба берган авиабаза Сурия армияси томонидан ИШИДга қарши курашиш учун фойдаланилган.
6 апрель, пайшанба куни АҚШ қуролли кучлари президент Дональд Трамп буйруғи билан Суриянинг Хомс провинциясидаги ҳарбий аэродромга қарата 59 та қанотли Tomahawk ракеталарини учирди. Ракета зарбаси 4 апрель куни Суриянинг Идлиб провинциясида кимёвий қуролдан фойдаланилгани учун жавоб бўлди. АҚШ раҳбарияти тахмин этилаётган кимёвий ҳужум ушбу аэродромдан бошланган, деб ҳисоблайди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)