Тошкентдаги Миллий матбуот марказида 7 апрель, жума куни илк халқаро пресс-клуб очилиш маросими бўлиб ўтди. Пресс-клуб раҳбари сиёсий фанлар номзоди Шерзод Қудратхўжаевга маросим чоғида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкилот Гувоҳномаси ҳамда раислик ваколати топширилди.
Халқаро пресс-клуб таъсисчилари Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ва Uzbekistan Today ахборот агентликлари, UzReport ва Zo‘r TV телеканаллари, «Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Бизнес-вестник Востока» газеталари, шунингдек «Газета.uz» ва «Дарё» интернет-нашрлари ҳисобланади.
Парламент аъзолари, давлат ва нодавлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирокидаги маросим олдидан клуб жамоатчилик кенгашининг илк мажлиси ўтказилди. Унда ташкилий масалалар, жумладан, кенгаш ҳамда назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, рамзлар аниқлаб олинди.
Клубнинг ушбу формати 2016 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш давомида синовдан ўтказилган. Синов мобайнида етарлича замонавий технологиялар ҳамда шароитлар таъминланган ҳолатда ОАВ вакиллари тезкор ва самарали фаолият юрита олиши исботланган эди.
Айни халқаро пресс-клубда давлат ҳокимияти органлари вакиллари бажарилаётган ишлар бўйича ҳисобот қилиши, жамоатчилик ва журналистлар таклифлари ҳамда саволларига юзма-юз жавоб бериши белгиланган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)