Америкалик хонанда Боб Дилан апрель ойи бошида Стокгольмда Швеция қироллик академияси вакиллари билан учрашади ҳамда Нобель мукофоти медали ва дипломини қабул қилиб олади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Дилан 1—2 апрель кунлари Швеция пойтахтида концерт беради. Академия матбуот хизматидан маълум қилишларича, шу кунларнинг бирида хос учрашув вақтида хонандага мукофот топширилади.
Дилан ўзининг Нобель нутқи ёзувини тақдим этиши кутилмоқда. Хонанда нутқ билан алоҳида чиқиш қилиши режалаштирилмаган.
Дилан 2017 йилнинг июнига қадар нутқни ўқиши керак. Акс ҳолда, мукофотнинг пуллик қисмини қўлга кирита олмайди.
Боб Дилан адабиёт бўйича 2016 йилги Нобель мукофоти лауреати деб эълон қилинган. У «буюк Америка қўшиқчилик анъаналарида янги шеърий тилни яратгани учун» тақдирланди. Мукофот эгаси эълон қилинганидан кейинги икки ҳафта давомида хонанда ҳеч қаерда кўриниш бермади, сўнг Швецияга қўнғироқ қилиб, ташкилий қўмитага миннатдорчилик билдирди.
Ўтган йил декабрида Стокгольмда бўлиб ўтган Нобель мукофоти лауреатларини тақдирлаш маросимига Дилан «олдинги мажбуриятларини бажариш» баҳонаси билан келмади. Диланнинг Нобель нутқи маросимда ўқиб эшиттирилди.
Нобель мукофоти лауреатлари 8 миллион швед крони (2016 йил охиридаги курс бўйича, тахминан 1,1 миллион доллар)га чек олади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)