14 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар мактаб, лицей ва коллежларидаги давомат ҳамда ота-оналарнинг болалар тарбияси ва таълимидаги жавобгарлиги масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида «Газета.uz» хабар берди.
Пойтахт маъмурияти ва бошқа тузилмалар вакиллари шаҳар ҳокимияти, прокуратура, Ички ишлар бош бошқармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Халқ таълими бош бошқармаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси, «Маҳалла» жамғармаси ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар бўлимининг мазкур масалага бағишланган қўшма қарори тўғрисида маълумот беришди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, коллежларда ўртача давомат 92, лицей ва мактабларда — 94—95 фоизни ташкил этмоқда. Қабул қилинган қўшма қарор тўлиқ давоматни таъминлаш ҳамда ёшларни қоидабузарликлар ва жиноятчиликдан огоҳлантиришга қаратилган.
Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузурида ишчи комиссиялари ташкил этилиб, уларга мунтазам равишда дарс қолдирувчи ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан қатъий чораларни кўриш, давомат статистикасини юритиш вазифаси топширилди.
Профилактика инспекторларига иш кунини айнан таълим муассасаларига ташриф буюришдан бошлаш буюрилди. Болалари тарбиясига бееътибор ва уларга салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналарга қонун доирасида алоҳида чоралар қўлланилиши ваъда қилинди.
Тарбияси оғир ўқувчилар ички ишлар тизимидаги махсус муассасаларга юборилади, бироқ ишчи комиссиянинг асосий вазифаси бунга йўл қўймасликдан иборат, деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)