Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи давомида ҳар икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари, жумладан, Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Дашогуз вилоятлари ҳокимликлари ўртасида савдо—иқтисодий ва маданий — гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Хоразм вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хоразм вилояти ҳокими мазкур келишув ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
Келишувга кўра чегара ҳудудлар ҳокимликлари корхона ва ташкилотлар ўртасида ўзаро фойдали ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма корхоналар тузиш, савдо-сотиқни ривожлантиришга ёрдам беради.Сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Чунки ушбу ҳудудларда ҳар икки халқ тарихи, маданияти ва ўтмиш меросида бирдай аҳамиятга эга бўлган меъморий обидалар, ёдгорликлар ва қадамжолар мавжуд.
Шунинг учун ҳар икки вилоят туризм салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш томонлар учун катта наф келтиришини кўзлаб, вилоятларда ўтказиладиган халқаро ярмаркалар, кўргазмалар, семинар ва конференцияларда иштирок этиш тизими йўлга қўйилади. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Миллий маданий марказлар ва маданият арбоблари иштирокида маданият кунлари, фестиваллар, кўргазма ва бошқа маданий тадбирлар амалга оширилади.Тарихий-маданий объектларни тиклаш ва сақлаш, реставрация қилиш ишларида ҳамкорлик қилинади. Музейлар ва тасвирий санъат намояндалари ўртасидаги алоқалар рағбатлантирилади.
Спорт бўйича ҳам ҳамкорлик кучайтирилади. Биргаликда турли спорт мусобақалари, беллашувлар ва машғулотлар ўтказилади.
Пўлат Бобожонов, Хоразм вилояти ҳокими
Изоҳ (0)