Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби мамлакат Олий лигасининг 3-туридан жой олган «Динамо»га қарши ўйинда ва ниҳоят Damas автомобилини лотерея сифатида ўйнайди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Мавсумий абонемент ёки оддий чипта эгалари 12 март куни бўлиб ўтадиган ўйиндаги «Омадли мухлис» шоусида иштирок этиб, Damas эгасига айланиши мумкин. Чипталар 10 ҳамда 20 минг сўмдан сотилаётгани маълум қилинган.
Мухлисларни Damas’дан ташқари ажойиб совғалар кутаётгани айтиб ўтилган. Бироқ улар нималардан иборат эканига ойдинлик киритилмаган. Шунингдек, мухлислар стадиондаги барча қулайликлардан фойдаланиши мумкинлиги яна бир бор эслатиб ўтилган. Бу қулайликлар аслида нима экани бу сафар ҳам айтилмаган.
«Пахтакор» Damas автомобилини «Қизилқум»га қарши дастлабки турда ўйнаши ҳақида бир ҳафта жар солиб, ўйин бўладиган кун стадионга киришни бепул қилиб қўйганди. Шу боисдан 1-турда Damas қулоғини ушлаб кетди. Қўшимчасига, стадионга олий ўқув юрти талабалари мажбуран олиб келингани борасида хабарлар чиқди.
«Пахтакор» бу ишни давом эттирадими ёки йўқ аниқ эмас. Шунингдек, ўйин кунида Damas ўйнаш фикридан қайтиб қолиниши эҳтимоли қанчалик юқори экани ҳам маълум қилинмади.
Маълумот учун, «Пахтакор»нинг 12 март кунги рақиби «Динамо» Олий лига дебютанти бўлса-да, кетма-кет икки турда зафар қучиб, лига пешқадами бўлиб олган. «Пахтакор» эса Фарғонада очко йўқотиб улгурган.
Изоҳ (0)