Яқинда Европанинг йирик кўргазма марказларидан бири London Olympia мажмуасида Pure London мода ва дизайн намойиши бўлиб ўтди. 1998 йилдан буён йилда икки марта ўтказиб келинаётган кўргазмада Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги имкониятлари илк бор The Black Quail ўзбек компанияси бош дизайнери ва ғоявий етакчиси Паҳлавон Турдиев раҳбарлигида тақдим этилди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Pure London Буюк Британиянинг мода ва дизайн йўналишидаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Кўргазмада либослар, пойабзаллар ҳамда урфбоп буюмлар дизайнерлари ва уларнинг савдоси билан шуғулланувчилар, харидорлар қатнашади.
Бу йил кўргазмада Британия ва дунёдаги 900 дан зиёд урфбоп кийим-кечак ва маҳсулот яратувчиси жам бўлди.
Жадал ривожланиб бораётган, беш йил давомида чармдан қўл меҳнати орқали турли буюмлар тайёрлаб келаётган Ўзбекистоннинг The Black Quail маҳсулот белгиси остидаги маҳсулотлари мазкур кўргазма қатнашчилари учун ўзбек халқининг гўзал ва бой маданиятининг кашфиёти бўлди.
Паҳлавон Турдиевнинг таъкидлашича, Pure London унинг Европа бозорини забт этиш йўлидаги янги қадамидир.
The Black Quail маҳсулотлари мутахассислар ва харидорлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Кўргазма доирасида The Black Quail раҳбарияти ва Европа компаниялари вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)