Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 март, жума куни Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаони қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.
Учрашувда 2017—2019 йилларга мўлжалланган қўшма дастур доирасида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Аҳоли, айниқса, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқни модернизация қилиш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муқобил энергетикани ривожлантириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва бошқа йўналишларга қаратилган устувор лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
ОTB президенти самимий қабул ва ўзаро шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдириб, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!