Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов шарафига ўрнатиладиган ҳайкаллар лойиҳалари билан танишди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
Ислом Каримов узоқ йиллар Тошкент марказидаги Оқсарой қароргоҳида иш олиб борган. Бу ерда Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фонди ва Биринчи Президент номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси фаолият юритади.
Қароргоҳ олдидаги майдонга Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилади. Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бу ерда ўзбекистонликлар ва хорижий меҳмонларда ҳайкал пойига гуллар қўйиш ҳамда Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконияти бўлади.
«Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида намойиш этилган эскизларга кўра, ҳайкал олдида Ўзбекистон обидалари макетлари хиёбони барпо этилади. Макетлар орасида Самарқанддаги Регистон, Шаҳрисабздаги Амир Темур майдони, Тошкентдаги «Ўзбекистон» форумлар саройи ва бошқалар бор.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!