Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари муҳожирлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция сиёсатидан қўрқиб, Канадага қочяпти. Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳукумат миллати ва динидан қаъти назар барча қочоқларни қабул қилишга тайёр эканини айтди. «Коммерсантъ» АҚШ ва Канада чегараларидаги ҳолатнинг фотогалереясини тақдим қилди.
Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан кейин АҚШ ва Канада чегараларида миграция оқими бир неча баробар ошди.
Ўз навбатида Канада расмийлари қочоқларга ёрдам беришга, ноқонуний мигрантларга мамлакатда ўзлашиб олишига кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилди.
«Канадаликлар бизнинг иммиграция тизимимиз ва чегараларимиз дахлсизлигига, хавфсизлик излаётган одамларга ёрдам бераётганимизга ишонмоқда», – деди Жастин Трюдо.
Канада чегара хизматининг маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь ойида 452 киши бошпана сўраб келган. Бу 2016 йилнинг январь ойига нисбатан 3 баробарга кўп.
Аксарият ҳолларда қочоқлар Квебек провинцияси чегарасидан ўтмоқда. Лаколле назорат-ўтиш пунктида муҳожирларнинг бармоқ излари олиниб, сўровнома тўлдирилади. Агар чегара хизмати ходимлари қочоқ хавф туғдириши мумкин деб қарор қабул қилса, у ҳибсга олинади. Қолганларга эса бошпана сўраш учун рухсат берилади.
Канадага киришга рухсат берилмаган яманлик аёл йиғламоқда.
Канада ва АҚШ ўртасида 2002 йилдан буён қочоқлар икки мамлакатдан биридан бошпана сўраса, иккинчисидан сўрай олмаслиги ҳақида келишув мавжуд. Amnesty International ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари Канада ҳукуматини ушбу келишувни бекор қилишга чақирди, аммо ҳозирча рад жавобини олди.
Канадага келаётган қочоқларни икки гуруҳга ажратиш мумкин: АҚШга виза олганлар ҳамда узоқ йиллар давомида АҚШда яшаб, депортация қилинишдан қўрққанлар.
АҚШ ва Канада чегарасида қўлга олинган Чад Республикаси фуқаролари.
Ошиб бораётган қочоқлар оқими Онтарио ва Монреаль провинциясидаги Торонто, Гамильтон ва Лондон расмийларини «бошпана-шаҳарлар»да миграция қонунини бузган қочоқлар қонун томонидан таъқиб қилинмаслигини эълон қилишга мажбур этди.
«Сиз муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлсангиз, бу ерда қолишингиз мумкин», – деди Монреаль провинцияси мэри ҳамда Канада собиқ иммиграция вазири Денис Кодерр.
Канада чегара хизмати ва полиция чегарада назоратни кучайтирмоқда. Жумладан, Квебек провинциясига бошқа ҳудуддан ҳуқуқ-тартибот ходимлари жалб этилмоқда.
Қочоқлар Канада чегарасига асосан пиёда етиб келмоқда. Кўпчилик совуқда 1 сутка ўтказишга мажбур бўлади. Баъзилар таксиларда ҳам чегарагача етиб келади.
Полициячи суданлик қочоқлар оиласининг фарзандларини чегарадан ўтказишга ёрдам бермоқда.
Чегарачилар яманлик ноқонуний мигрантларни ҳибсга олмоқда.
«Биз қаттиққўл тизим ва ёрдамга муҳтож одамлар ўртасида мувозанатни топишга ҳаракат қиламиз», – деди Жастин Трюдо.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)