«Оскар» мукофотларини топшириш маросимида энг яхши фильмни эълон қилиш чоғидаги хатолик Америка киноакадемикларининг сиёсатга ҳаддан ташқари берилиб кетгани туфайли юзага келган. Бундай фикрни АҚШ президенти Дональд Трамп Breitbart News нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Ўйлашимча, улар (маросим ташкилотчилари) сиёсатга шунчалик берилиб кетган эдики, якунда ўзларини қўлга ололмади. Бу бироз қайғули бўлди. ‘Оскар’ ҳашаматдан айрилди. Маросим шоҳона кечганга ўхшамади. Мен ‘Оскар’ маросимларида бўлганман. Бу сафар қандайдир ўзига хослик етишмади, хотима эса қайғули бўлди», — деди Оқ уй раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, маросим чоғида саҳнадан «Энг яхши фильм» номинациясида «Ла-Ла Ленд» ғолиб бўлгани ҳақида эълон қилингач, картина продюсери микрофон қаршисига келиб, хатолик юз берганини айтганди. Маълум бўлишича, ташкилотчилар конвертларни чалкаштириб юборган, ва аслида эса энг яхши картина дея «Ой шуъласи» эътироф этилган.
Кейинроқ «Оскар» кино мукофоти совриндорини аниқлаб берувчи овоз бериш якунларини кузатиб борувчи PriceWaterhouseCoopers (PwC) аудиторлик компанияси хатоликка ўз вакили сабабчи бўлганини маълум қилди. Компания хатоликдан азият чеккан иккала фильм яратувчиларидан, бошловчилардан, шунингдек, шоу томошабинларидан узр сўради.
«Оскар» маросимида бошловчи Жимми Киммел бошиданоқ Дональд Трамп борасида бир неча марта ҳазил қилди. Ҳатто, у Twitter’даги саҳифаси орқали АҚШ президенти Дональд Трампга хабар юбориб, ундан «Оскар»ни кўраётган ёки кўрмаётганлиги ҳақида сўради.
«Чет тилидаги энг яхши фильм» йўналишида эса АҚШ президенти Дональд Трампнинг иммиграция фармонларига норозилиги туфайли маросимга келишдан бош тортган эронлик режиссёр Асқар Фарҳодийнинг «Коммивояжер» картинаси ғолиб бўлди.
Трампни бутун маросим давомида тилга олишди — айниқса, бошқа мамлакатлардан ташриф буюрганлар Мексика билан чегарада қурилаётган деворни назарда тутиб, «бизни ажратувчи девор» ҳақида гапирди.
Изоҳ (0)