Сирдарё вилоятининг 227 та ўзини ўзи бошқариш органида ўтказилган «Профилактика куни» тадбирига 2 мингдан зиёд ички ишлар ходими жалб этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Баҳодир Каримбердиевнинг сўзларига кўра, кун давомида 4 минг 688 хонадонга кириб, оилалардаги вазият, аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилган.
Паспорт-виза қоидаларига риоя этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, уйни ижарага бериш тартиблари тушунтирилди. Ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобида турган шахслардан 415 нафари билан суҳбатлар ўтказилди.
298 умумтаълим мактаби, 4 академик лицей ва 48 касб-ҳунар коллежида давомат ўрганилиб, 95 ўқувчининг турли сабабларга кўра машғулотларда қатнашмаётгани аниқланди. 42 ота-онага ва ўқитувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига биноан тегишли чоралар кўрилди.
Тадбирлар давомида 150 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди. Аввалроқ содир этилган битта жиноят фош этилиб, қидирувда бўлган икки шахс ушланди.
Узоқ муддат хорижга чиқиб кетган 61 ва яшаш манзилига қайтиб келган 121 фуқаро ва уларнинг оила аъзолари билан тегишли тартибда профилактика ишлари олиб борилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)