Англия Премьер-лигаси дунёнинг энг томошабоп лигаси сифатида тан олинади. Бу бежизга эмас.
Ғалати статистика шуни кўрсатиб бердики, жамоаси билан мамлакат чемпионлигини қўлга киритган беш нафар мутахассис кейинроқ истеъфога чиқарилган. Гап узоқ тарих ҳақида эмас, сўнгги беш йил хусусида боради, деб ёзган ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Facebook саҳифасида.
2012 йил Роберто Манчини «Манчестер Сити» футбол клуби билан АПЛ чемпионлигини қўлга киритди. Орадан бир йил ўтмай мутахассисга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди.
2013 йил Сер Алекс Фергюсон бошқарган «Манчестер Юнайтед» Англия тахтига келди. Ўша мавсумнинг ўзидаёқ Фергюсон катта футбол билан хайрлашиб, «Олд Траффорд»нинг ўзида мухлисларга дил изҳорларини айтди.
2014 йил Мануэль Пеллигрини бошчилик қилган «Манчестер Сити»га Премьер-лига олтин медаллари насиб қилди. Шундан кейин мураббий «шаҳарликлар»ни яна 1,5 йилгина бошқарди ва унга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди.
2015 йил Жозе Моуриньо ўзи учун қадрдон бўлган «Челси»ни мамлакат чемпионлиги сари бошлаб келди. Ўша вақтда яна 6 ойдан сўнг португалиялик мутахассиснинг истеъфога чиқишини кўпчилик хаёлига ҳам келтира олмасди. Воқеалар ривожи эса шундай бўлиб чиқди.
2016 йилги мавсум «Лестер»нинг чемпион бўлиши фантастикадан бошқа нарса эмасди. Кучли олтилик жамоаларидан ташқари яна бир қатор инглиз клубларининг бюджети «Лестер»никидан каттароқ, таркиби эса кучлироқ эди. Италиялик мураббий эса эртаклардаги каби муваффақият қозонди. Орадан 9 ой ўтиб эса «Лестер» шу мураббийдан ҳам кечишга қарор қилди ва 2017 йилнинг 23 февраль куни Раньери билан хайрлашди.
Фикрининг сўнггида Никимбаев «Арсен Венгер» нима қилишни билади, деб қўшимча қилди. «Арсенал»ни франциялик мураббий бир неча йиллардан буён чемпион қила олмайди. Клуб шунга қарамай мутахассис билан хайрлашишни хаёлига келтираётгани йўқ.
Изоҳ (0)