10 февраль куни Сингапурда Battle of Champions бокс мусобақаси доирасида ўзбекистонлик Қудратилла Абдуқаҳҳоров рингга чиқди, деб ёзди «Газета.uz».
Бунга қадар 9 та жанг ўтказиб, уларнинг ҳаммасида рақибларидан устун келган чарм қўлқоп устаси, танзаниялик Идда Пиаларига ҳам имконият қолдирмади. Жанг 23 ёшли ўзбекистонлик боксчининг 4-раунддаги ғалабаси билан ниҳоясига етди. Айнан шу раундда унинг рақиби нокаут қабул қилиб олди.
Маълумотга кўра, Қудратилла Абдуқаҳҳоров BoxRec — профессионал боксчилар статистикаси билан шуғулланувчи нуфузли британ манбаси рейтингида вазн тоифасидан қатъи назар Ўзбекистоннинг энг яхши боксчиси ҳисобланади. У ёшлар ўртасида World Professional Boxing Federation, шунингдек, World Boxing Federation ҳамда Asian Boxing Council таснифларининг ярим ўрта вазн тоифасида чемпон бўлган.
-66,7 килограмм вазн тоифасига эга бўлган ўзбекистонлик боксчини март ойининг 25-санасида яна бир жиддий синов кутиб турибди. Ярим ўрта вазн тоифасида жаҳоннинг энг кучли 10 боксчиси қаторидан жой олган зимбабвелик Чарльз Манючи Абдуқаҳҳоровга қарши рингга кўтарилади. Рақиб IBF рейтингида еттинчи, WBA’да олтинчи, WBC рейтингида эса учинчи ўринни банд этиб турибди.
Изоҳ (0)